Яйловдан фойдаланиш йўналишлари кенгайтирилади
Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Хусусан, биринчи ўқишда кўриб чиқилган “Яйловлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси яйловдан фойдаланиш йўналишларини кенгайтиришга қаратилган.
Таъкидланганидек, ушбу қонун лойиҳаси билан яйловдан фойдаланишда чорвачиликдан ташқари экотуризм, асаларичилик, доривор ўсимликлар етиштириш каби янги даромадли йўналишларда ҳам фаолиятга рухсат берилмоқда.
Шунингдек, яйловлардан фойдаланишнинг янги нормалари ва нормативларини жорий этиш, уларни тоифаларга ажратиш таклиф этилмоқда. Аҳоли хонадонларининг яйловлардан қонуний ва қулай фойдаланишини таъминлаш мақсадида жамоат яйловлари институтини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, яйловларни рақамли ҳисобга олиш, уларнинг ҳолатини мунтазам кузатиб бориш ва назорат қилиш мақсадида “E-yaylov” электрон платформасини ишга тушириш белгиланмоқда. Мониторинг жараёнларида сунъий интеллект, геоахборот технологиялари ва сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш назарда тутилмоқда. Бу орқали яйловлар ҳолатини баҳолаш, деградация жараёнларини ўз вақтида аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чораларини белгилаш имконияти кенгаяди.
Фракция аъзолари муҳокамалар давомида қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Ундаги нормалар яйловлар деградациясининг олдини олиш, тупроқ ва ўсимлик қопламини сақлаш, биологик хилма-хилликни муҳофаза қилиш, чорвачиликнинг озуқа базасини мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этиши, бу эса партия дастурий вазифаларига ҳамоҳанг эканлиги таъкидланди.
М.Комилова,
ЎзА