Яширин цех фаолиятига чек қўйилди
Андижон вилояти божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Андижон шаҳрида сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқараётган яширин цех аниқланиб, унинг фаолиятига чек қўйилди.
Вилоят божхона бошқармаси Матбуот хизмати томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Андижон шаҳридаги бир манзилда 4 та юридик шахс фаолияти ташкил этилган бўлиб, улар “озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар” ишлаб чиқариш ниқоби остида ноқонуний равишда сифати кафолатланмаган дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчаларни тайёрлаб келган.

Мазкур яширин лабораторияда бугунги кунда аҳоли орасида кенг фойдаланиб келинаётган “Vitamix”, “Gegsi”, “Ferrumfer”, “Winds Baby”, “Luvit”, “Yodovit”, “Geppo rooz”, “Bifidolin”, “Yodo plyus” каби 100 га яқин турдаги маҳсулотлар тайёрланиб келинаётганлиги маълум бўлди.

Улар орасида болалар учун мўлжалланган сироплар, оғриқ қолдирувчи воситалар, бўғим ва тери касалликлари ҳамда қон кўпайтиришга мўлжалланган препаратлар, турли шамчалар ҳамда махсус чойлар ҳам мавжуд. Ташқи кўриниши бежирим ва ишончли тарзда қадоқланган ушбу маҳсулотлар антисанитария талабларига мутлақо жавоб бермайди.

Тезкор тадбир давомида ушбу манзилдан 13 дона дори ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқариш ускуналари, 6 дона муҳр, маҳсулотларга яроқлилик муддатини қадоқловчи қурилмалар, 214 минг дона ёзувсиз бўш шиша идишлар, 78 минг дона бўш капсулалар, 100 турдаги 503 минг 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр дори воситалари, 105 килограмм номсиз кукунлар ашёвий далил сифатида олинди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, ЎзА мухбири.