Беруний туманида қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган қўлбола усулда тайёрланган алкогол маҳсулотларини ишлаб чиқараётган яширин цех фаолиятига чек қўйилди.
Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия ходимлари ҳамда “Нукус вино заводи” акциядорлик жамияти масъуллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида, тумандаги хонадонларнинг бирида алкогол маҳсулотларини қўлбола усулда ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цех ташкил этилганлиги аниқланди.
Хонадондан 0,45 литр сиғимдаги 480 дона, 0,75 литр сиғимдаги 36 дона, умумий ҳисобда 243 литр қалбаки акциз маркалари билан қадоқланган сифати кафолатланмаган алкогол маҳсулот, 340 литр этил спирти, 55 литрли пластмасса идиш, 3 метр резина шланга, 43 дона бўш шиша ашёвий далил тариқасида олинди.
Фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига тегишли жиноят иши қўзғатилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.