“Яшиллик ва тозалик кубоги” ғолиблари аниқланди
Навоий вилоятида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Эко-маданият” умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ўтказилаётган “Яшиллик ва тозалик кубоги” Республика танловининг вилоят босқичи якунланди.
Мазкур танлов ўқувчи-ёшларда экологик тафаккур ва экологик маданиятни юксалтириш, табиатга масъулиятли муносабатни шакллантириш ҳамда атроф-муҳитни асрашга қаратилган илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилмоқда.

Вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасида туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоаларнинг танлов ишлари атрофлича кўриб чиқилди.
Иштирокчиларнинг экологик ташаббуслари, амалий лойиҳалари ҳамда танловнинг учта шарти бўйича эришган натижалари вилоят комиссияси томонидан танлов Низомида белгиланган мезонлар асосида баҳоланди.

Якуний натижаларга кўра, 1-ўринга Кармана туманидаги 21-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси, 2-ўринга Навбаҳор туманидаги 10-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси ва 3-ўринга Навоий шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактаби жамоаси лойиқ деб топилди.
А.Бўриев, ЎзА