“Яшил макон” – яшил келажак йўлидаги эзгу ташаббус
Мамлакатимизда экологик муҳитни яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтириш, дарахт ва бута кўчатларини экиш, шунингдек, аҳолининг табиатга бўлган муносабатини янада мустаҳкамлаш мақсадида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам мазкур умуммиллий ташаббусни қўллаб-қувватлаган ҳолда, ҳудудларда кўкаламзорлаштириш тадбирларида фаол иштирок этмоқда. Зеро, атроф-муҳитни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келажак авлод учун соғлом экологик муҳит яратиш жамиятнинг ҳар бир аъзосидан масъулият ва дахлдорликни талаб этади.

Ана шундай эзгу ташаббуслар доирасида партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Нурлибай Қайпбергенов бошчилигида Нукус туманида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Унда партия Кенгаши ходимлари, фаоллар ҳамда Нукус тумани Кенгаши депутатлари иштирок этиб, ҳудудни янада обод ва кўркам масканга айлантириш йўлида ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Тадбир давомида турли манзарали дарахт кўчатлари экилиб, уларни парваришлаш ва келгусида яшил ҳудудларни янада кенгайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Иштирокчилар томонидан амалга оширилган ушбу амалий ишлар нафақат ҳудуд экологиясини яхшилаш, балки аҳолида табиатга меҳр, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабат ва экологик маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири