Яшил макон — обод юрт ва соғлом келажак кафолати
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликни таъминлаш ва мамлакатимиз ҳудудларини ободонлаштириш бугунги ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Президентимиз ташаббуси билан илгари сурилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси эса бу борадаги эзгу мақсадларни кенг кўламли халқ ҳаракатига айлантирмоқда. Зеро, ҳар бир экилган кўчат нафақат табиатга қўшилган ҳисса, балки келажак авлод саломатлиги ва фаровонлиги учун яратилган имкониятдир.
Мазкур ташаббус доирасида Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармасининг ҳарбий хизматчилари ҳам “Яшил маконни бирга қурамиз!” шиори остида навбатдаги кўчат экиш акциясини ўтказдилар.
Тадбир давомида бошқарма ҳудудлари ҳамда белгиланган очиқ майдонларга вилоятнинг иқлим шароитига мос манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилди. Ҳарбий хизматчилар кўчатларни белгиланган агротехник талаблар асосида ўтқазиш ва суғориш ишларини уюшқоқлик билан амалга оширдилар.


Айниқса, Бухоро каби ёз ойларида ҳаво ҳарорати юқори, сув ресурслари чекланган ҳудудда кўкаламзорлаштириш ишларини тўғри ташкил этиш алоҳида аҳамият касб этади. Бунда фақат кўчат экишнинг ўзи кифоя эмас. Энг муҳими, унинг униб кетиши, мунтазам парваришланиши ва йиллар давомида яшил бойликка айланишига эришишдир.


Зеро, Ватанни ҳимоя қилиш тушунчаси фақат унинг сарҳадлари дахлсизлиги ва юрт тинчлигини асраш билангина чекланмайди. Унинг мусаффо ҳавоси, табиий бойликлари, бетакрор табиати ва яшил муҳитини ҳам келгуси авлодларга бус-бутун етказишни қамраб олади.
Шу боис, “Яшил макон” доирасидаги ҳар бир эзгу амал умумий мақсадга — обод юрт, соғлом муҳит ва фаровон келажакни барпо этишга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири