“Яшил макон”: ҳудуд иқлимига мос кўчатлар етиштирилмоқда
Мамлакатимизда амалга оширилаётган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси юртимиз ҳудудларини яшиллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни тизимли амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Лойиҳа доирасида ниҳол экиш билан бирга, уларни парваришлаш ва асраб-авайлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ҳар бир ҳудуднинг иқлими ва тупроғига, шароитига мос кўчатларни етиштириш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан Қоракўл туманидаги кўчатхона фаолияти ўрганилди.
Қоракўл тумани давлат ўрмон хўжалигида 18 гектардан ортиқ майдонда кўчатхона ташкил этилган бўлиб, унда 30 дан ортиқ турдаги мевали ва манзарали дарахт кўчатлари парвариш қилинмоқда. Маълум бўлишича, хўжаликда 3 миллиондан зиёд мевали ва манзарали кўчатлар етиштирилган бўлиб, мавсумий эҳтиёжни таъминлаш учун етарли захира шакллантирилган. Жумладан, ўрик, шафтоли, узум, тут, қайрағоч, жийда, терак, павлония, қарағай, шумтол, заранг ва бошқа дарахт турлари етиштирилмоқда.
Туманда “Яшил макон” лойиҳаси доирасида ҳудудларни кўкаламзорлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани иқлимга мос дарахтларни кўпайтириш ва экологик барқарорликни таъминлашда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова, ЎзА