“Яшил макон” ҳудудларнинг экологик қиёфасини тубдан яхшилайди
Айни пайтда юртимиз бўйлаб “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасининг кузги мавсуми қизғин руҳда давом эттирилмоқда.
Мазкур жараёнларда Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлари ҳам фаол иштирок этиб, яшил ҳудудларни кенгайтиришга ҳисса қўшмоқда. Жумладан, партиянинг Сирдарё вилоят Кенгаши ҳамда Миллий гвардиянинг вилоят бўйича бошқармаси ҳамкорлигида Мирзаобод туманидаги Миллий гвардия ихтисослаштирилган ўқув марказида кенг кўламли кўчат экиш тадбири ташкил этилди.
“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбир давомида 2 минг 500 туп манзарали ва 2 минг 500 туп мевали дарахт кўчатлари экилди.

Кўчат экишдек эзгу ташаббусда Ўзбекистон Экологик партияси Марказий ва вилоят Кенгашлари вакиллари, Гулистон давлат педагогика институти талабалари, “Жасорат” синфи ўқувчилари, соҳа фахрийлари, Гулистон ҳарбий прокуратураси вакиллари ҳамда нуронийлар фаол иштирок этди.
***
Қарши туманидаги "Истироҳат боғи" ҳудудида ташкил этилган "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасида Ўзбекистон Экологик партияси Қашқадарё вилоят Кенгаши фаоллари ҳамда депутатлар ҳудудни кўкаламзорлаштиришга ҳисса қўшди.
Ушбу тадбир давомида ҳудудда минглаб дарахт кўчатлари экилди. Яшил майдонларни кенгайтириш, экологик муҳитни яхшилаш ва табиатни асраш йўлида амалга оширилган тадбирда партия вакиллари билан бирга ёшлар ҳам фаол қатнашди. Бу эса ёш авлод вакилларида она табиатни асраш ва уни яшилликка буркаш масъулиятини оширади.

***
Термиз туманидаги Нурли диёр маҳалласида ташкил этилган кенг кўламли кўчат экиш тадбирида 6,5 гектар майдонда 3 минг 500 туп ҳосилдор ўрик кўчати экилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги ходимлари, Ўзбекистон Экологик партияси туман Кенгаши вакиллари, корхона, ташкилот ва муассасалар жамоалари, ёшлар, нуронийлар ҳамда фаол фуқаролар ҳудудни обод ва кўркам масканга айлантириш йўлида иштирок этди.
Таъкидлаш лозимки, ўтқазилаётган ҳар бир ниҳол ва кўчат ҳудудларнинг экологик қиёфасини янада яхшилаш, яшил ҳудудларни кенгайтиришда муҳим ўрин тутади.
М.Комилова,
ЎзА