Энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайтириш тобора долзарб аҳамият касб этмоқда.
Шу боис, мамлакатимизда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиши масаласи долзарб ҳисобланади. Бу борада кейинги йилларда қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида” ҳамда “Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар такомиллаштирилди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланилган ҳолда аҳоли ва тадбиркорлик субъектини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари жорий этилди.
Хусусан, 2023 йил 1 апрелдан республика ҳудудларида аҳоли хонадонларига кичик қувватли қуёш панелларини ўрнатишни рағбатлантириш бўйича “Қуёшли хонадон” дастури амалга оширилмоқда.
Олий Мажлиси Сенати ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан биргаликда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси ижроси юзасидан “Муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш, хусусан аҳоли, тадбиркорлик субъекти ва ижтимоий объектларда қуёш станцияларини ўрнатиш” мавзусида ташкил этган жамоатчилик эшитувида шу ҳақда гап борди.
Тадбирда “яшил” энергетикани ривожлантириш, хусусан, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий қилиш, шу жумладан, аҳоли, тадбиркорлар ва ижтимоий соҳа объектларида қуёш панелларини ўрнатиш орқали энергия тежамкорлигини таъминлаш борасидаги ишлар юзасидан муҳокамалар ўтказилди.
Аҳоли томонидан қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилган ортиқча электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига минг сўмдан субсидия ажратилиши қонунчиликда белгилаб қўйилгани қайд этилди. Қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежамкор технологиялар жорий этилишида истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармасининг электрон платформаси (energymarket.uz) ишга туширилди.
Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг июнь ойи ҳолатига республика бўйлаб 10 минг 437 та ижтимоий соҳа объекти ва давлат идораларида умумий қуввати 209,9 МВт қуёш панеллари ва 778,0 минг литр гелиоколлекторлар, қарийб 13 минг тадбиркорлик субъектида 193,2 МВт ҳамда 667 та кўп қаватли уйда умумий қуввати 8,84 МВт бўлган қуёш панеллари ўрнатилиши таъминланди.
“Яшил энергия” компанияси томонидан ҳар бир ҳудудга икки нафардан вакил бириктирилди ва улар томонидан манзилли рўйхат шакллантирилган. Унга кўра “Яшил энергия” компанияси томонидан республика бўйича 895 ижтимоий соҳа объекти ва давлат идораларига жами 40 МВт қувватда қуёш панеллари ўрнатилди. Тижорат банклари томонидан аҳолига жами 72,9 миллиард сўм миқдорида “яшил” истеъмол кредитлари ажратилган.
Жамоатчилик эшитувида муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда айрим муаммолар сақланиб қолаётганига эътибор қаратилди. Хусусан, қуёш панелларини ўрнатиш учун кредит маблағининг ажратилиши, ўрнатилган қуёш панеллари учун солиқ имтиёзларидан фойдаланиш тартиби ва фойдаланишдаги қуёш панелларига ўз вақтида сервис хизматларини кўрсатишдаги мавжуд муаммолар ва вазифалар муҳокама қилинди.
Сенат аъзолари, вазирлик ва идоралар мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбир якуни бўйича муқобил энергия ресурсларини ривожлантириш бўйича келгусида амалга ошириладиган ишлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА