Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади
Сенатнинг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг долзарб масалалари: муаммолар ва ечимлар” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш борасидаги ишлар натижалари, шунингдек, соҳада ечимини кутаётган масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, муқобил энергиянинг энергетика тизимидаги улушини ошириш, уни қишлоқ ва сув хўжалиги тармоқларига кенг жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Суғориш тизимлари ва насос станцияларида қуёш ҳамда шамол энергиясидан фойдаланиш масаласи амалий аҳамият касб этади. Бу нафақат электр энергияси сарфини мақбуллаштириш, балки сув хўжалиги объектларини электр энергияси билан таъминлашда самарадорликка эришиш учун ҳам муҳим.

Шу боис семинарда илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва соҳага инвестиция жалб қилиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Муҳокамалар давомида давлат органлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш ҳамда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Семинар якунида билдирилган фикр ва таклифлар асосида соҳани ривожлантириш, муқобил энергия манбаларини амалиётга кенг жорий этиш ҳамда уларнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова, ЎзА