Яқин Шарқдаги можаро: Эронда 450 дан зиёд бола ва аёл ҳалок бўлган
Ҳозиргача Эронда 214 бола, 240 аёл, жумладан икки нафар ҳомиладор жувон АҚШ ва Исроил билан можаро қурбонига айланган, деб ёзди “Kazinform” агентлиги. Бу ҳақда Ислом Республикаси Қизил ярим ой жамияти маълум қилган.
Ташкилот маълумотига кўра, жанговар ҳаракат бошлангандан буён 102 марта ҳужум қайд этилган ва ўн минглаб фуқаролик тузилмасига зарар етказилган.
Хусусан, 80 000 дан кўп турар-жой биноси, 20 000 дан ортиқ савдо маскани, 296 тиббиёт муассасаси, 600 га яқин таълим даргоҳи шикастланган. Бундан ташқари, Қизил ярим ой жамиятига тегишли 18 иншоот шикастланган, 17 киши яраланган, икки киши ҳалок бўлган.
Бегуноҳ аҳоли орасидаги қурбонлар сони тахминан 21 000 га етди. Улардан 1731 нафарининг аҳволи оғир, 4163 беморнинг ҳолати ўртача. 93 000 дан кўп фуқаролик иншооти, жумладан Теҳрондаги 31 562 турар-жой ва тижорат биноси шикастланган. 600 га яқин мактаб зарар кўрган.
Аввалроқ Эрон, Ливан, Исроил ва Кувайтда ҳарбий ҳаракат кучайиши ортидан жами 2000 дан ортиқ бола ҳалок бўлгани ёки яралангани хабар қилинган эди.
UNICEF маълумотига кўра, давом этаётган уруш фуқаролик инфратузилмасига тинимсиз зарар етказмоқда: ўнлаб мактаб ва шифохонага зиён етган. Оқибат – ўғил-қизлар таълим ва тиббий ёрдам олиши имконияти чекланмоқда. Жамғарма барча низо томонларини халқаро қонунга риоя қилиш, оддий аҳоли ҳимоясини кафолатлашга чақирмоқда.
Г.Сатторова, ЎзА