Янги ускуналар экологик муҳитни яхшилайди
Сўнгги йилларда юртимизда атроф-муҳитни асраш, саноат корхоналарида “яшил технологиялар”ни жорий этиш борасидаги лойиҳалар изчил амалга оширилмоқда. 2026 йил учун мўлжалланган давлат дастурида ҳам экологик мувозанатни мустаҳкамлаш устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнларида атроф-муҳитга чиқинди ташламаларини камайтириш, ҳавога зарарли моддалар тарқалишини чеклаш ҳамда замонавий тозалаш тизимларини татбиқ этиш кенг кўламда йўлга қўйиляпти.
Хусусан, ушбу йўналишда ОКМКнинг Рух заводида ҳам самарали ишлар ташкил этилмоқда. Президентимизнинг тегишли қарори ижроси доирасида 2018 йилдан бошлаб ҳар бир цех босқичма-босқич модернизация қилиниб, ишлаб чиқариш жараёнлари такомиллаштириляпти. Хусусан, рух кеклари ва импорт қилинган оксидли саноат маҳсулотларини қабул қилиб қайта ишловчи асосий бўлинма —Велслаш цехи кенг қамровли реконструкция ишларидан четда қолмади. Жорий йил февраль ойидан ушбу цехда демонтаж ишлари бошланган бўлиб, амалдаги 50 йилдан ортиқ фойдаланилган ҳамда маънан эскирган махсус чиқинди газлар таркибида зарарли моддалар атмосферага чиқарилишининг олдини олувчи ускуналар ўрнига замонавий, тўлиқ автоматлаштирилган фильтрларнинг ўрнатилиши кўзда тутилган.

1972 йилда фойдаланишга топширилган, 57 804 квадрат метр майдонни эгаллаган ушбу йирик цех таркибида 4 та, фильтрлаш-қуритиш, кек омбори ҳамда шихта тайёрлаш, печлар, оксидни ушлаб қолиш ва куйдириш бўлимлари мавжуд. Цехнинг асосий жиҳозлари — қуритиш барабанлари, дискли вакуум-фильтрлар, велтс печлари, қопли фильтрлар, иккита айланувчи куйдириш печи ва бошқа ускуналардан иборат.

Модернизация ва технологик янгиланишлар натижасида ушбу цехга янги фильтрларнинг ўрнатилиши ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, чиқинди газлар таркибидаги зарарли моддаларнинг атмосферага чиқишини кескин камайтириш, технологик жараёнларнинг узлуксиз ва барқарор олиб борилишини таъминлашга хизмат қилади. Шунингдек, қўл меҳнати қисқариб, ишчи-ходимлар учун янада қулай ва хавфсиз меҳнат шароити яратилади.
— Ҳозирги кунда асосий мақсадимиз ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш билан бирга, жаҳон экологик стандартларига тўлиқ мос келувчи замонавий чиқиндисиз ва кам чиқитли технологияларни жорий этишдир, — дейди ОКМК Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўлими бошлиғи Давронбек Абдураҳмонов. — Хусусан, Рух заводи Велслаш цехида ўрнатилаётган янги авлод енгли фильтрларининг самарадорлиги юқори бўлиб, чанг-газларни ушлаб қолиш даражаси 99,5 фоизни ташкил этади. Бу ускуналар нафақат атмосферага чиқарилаётган ташланмаларни кескин камайтиради, балки қимматбаҳо хомашёни қайта ушлаб қолиш ва ишлаб чиқаришга қайтариш имконини ҳам беради.

Ҳозир “Олмалиқметаллургқурилиш” трести томонидан цехда демонтаж ишлари амалга оширилмоқда. Замонавий фильтрларни ўрнатиш ва монтаж қилиш ишлари эса Ихтисослаштирилган таъмирлаш ишлари бошқармаси томонидан бажарилади.
Бугунги кунда Велслаш цехи жамоаси олдида турган асосий вазифалардан бири ишлаб чиқариш самарадорлигини янада оширган ҳолда маҳсулот таннархини пасайтиришдир. Шу мақсадда корхонада технологик жараёнларни янада оптималлаштириш, энергия тежамкор ускуналардан фойдаланиб, модернизация ишларини изчил давом эттириш режалаштирилган.
А. Мусаев, ЎзА