Ёшлар пресс- клубида Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги ва Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамкорлигида “Yosh tadbirkor universty” платформаси тақдимотига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Янги ташкил этилган “Yosh tadbirkor universty”нинг мазмун-моҳияти, мақсади ва фаолияти ҳақида маълумотлар берилди.
“Yosh tadbirkor universty” таълим платформаси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 13 октябрдаги «Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази томонидан ишга туширилмоқда.
“Yosh tadbirkor universty” – бу таълим платформаси бўлиб, тадбиркорликка қизиқиши бор аммо бу борада етарли билим, кўникма, амалий тажриба ва моддий маблағи бўлмаган ёшлар учун мўлжалланган.
Платформани ташкил этишдан мақсад ёшлар бандлигини ошириш, уларда замонавий ишбилармонлик кўникмаларини шакллантириш, тадбиркорлик фаолиятига жалб этишдан иборатдир.
Янги платформа онлайн, офлайн, амалиёт ва моддий қўллаб-қувватлаш каби дастурларига эга. Бу таълим жараёнида бўлғуси тадбиркорларга ўз соҳасида муваффақиятга эришган инсонлар, бизнесменлар,жумладан, машҳур инсонлар Ҳикмат Абдураҳмонов, Аҳмад Мелибоев, Шаҳрам Ғиёсов, Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар каби ўнлаб маҳаллий ва халқаро даражадаги спикерлар дарс беради.
Таъкидланганидек, “Yosh tadbirkor universty” расман ўз фаолиятини жорий йилнинг октябрь ойидан бошлайди ва у йилига 10 мингга яқин ёшларга тадбиркорлик бўйича таълим бера олиш имкониятига эга.
Гулноза Бобоева, ЎзА