Германиянинг йирик мода бренди билан тўқимачилик соҳасида барқарор ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Германиянинг “Tom Tailor” бренди ўртасидаги музокаралар мамлакатимизда халқаро буюртмаларни жойлаштиришдаги асосий тўсиқларни кўрсатиб берди. Ушбу муаммоларни ҳал этиш учун қандай режалар тузилмоқда?
Ҳар қандай соҳанинг ўзини муносиб намоён этишида тажриба ва халқаро майдонга чиқиш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, тадбиркорликда бу алоҳида ўрин тутади. Шу боис юртимизда сўнгги йилларда тўсиқсиз халқаро ҳамкорлик ўрнатиш тизими изчил такомиллаштирилмоқда. Бунда ўзаро ишонч ва юқори натижа асосий омил бўлаётгани ҳам айни ҳақиқат.
Ана шундай имкониятлардан унумли фойдаланиш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ҳамда Германиянинг халқаро кийим-кечак ва мода бренди саналган “Tom Tailor” вакиллари ўртасида онлайн музокаралар ўтказилди.
Мулоқот давомида “Tom Tailor” вакиллари маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқариш буюртмаларини жойлаштириш имкониятларини чеклаётган асосий омилларга алоҳида тўхталди. Хусусан, тизимли ечим талаб этадиган муҳим масалалардан бири сифатида ишлаб чиқариш жараёнларининг шаффофлиги, яъни буюртмалар ижросини назорат қилиш ва барча босқичларни кузатиб бориш механизмлари етарли даражада ривожланмагани қайд этилди. Шунингдек, халқаро брендлар талабларига жавоб берадиган фурнитура, аксессуарлар ва бошқа бутловчи қисмлар билан маҳаллий таъминот ассортиментининг чеклангани кўрсатиб ўтилди. Бундан ташқари, халқаро буюртмачилар билан ишлаш тажрибасига эга, сифат стандартлари ва глобал бозор талабларини чуқур тушунадиган мутахассислар етишмаслиги, кадрлар салоҳияти ва касбий компетенцияларни кучайтириш зарурлигига эътибор қаратилди.
Мулоқот чоғида қайд этилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тизимли ечимлар ҳам илгари сурилди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мазкур масалаларни комплекс ҳал этиш, ишлаб чиқариш шаффофлигини ошириш, мутахассислар салоҳиятини ривожлантириш ҳамда корхоналарни “Tom Tailor” талабларига босқичма-босқич тайёрлаш бўйича қўшма “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди. Ташаббуснинг асосий мақсади халқаро буюртмачиларнинг маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга бўлган ишончини мустаҳкамлаш ва корхоналарда буюртмаларни жойлаштириш учун амалий шарт-шароитлар яратишдан иборат экани таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар устувор йўналишларни белгилаш ва кейинги амалий қадамларни мувофиқлаштириш мақсадида навбатдаги ишчи учрашувни ташкил этишга келишиб олди.
Маълум қилинишича, айни пайтда “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва халқаро брендлар ўртасидаги ҳамкорликни тубдан такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳа устида иш олиб бормоқда.
Лойиҳа корхоналарнинг ишлаб чиқариш тайёргарлигини ошириш, жараёнлар шаффофлигини таъминлаш, мутахассисларни тайёрлаш ва халқаро стандартларга мос амалий механизмларни жорий этишни назарда тутади. Бундан кўзланган асосий мақсад музокаралардан аниқ ечимларга, бир марталик буюртмалардан эса узоқ муддатли ҳамкорликка ўтишдан иборат.
Шербек Исломов, ЎзА