Ўзбекистон ва Венгрия юридик таълимда қўшма дастурлар жорий этишни муҳокама қилди
Юридик кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институти тингловчилари халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда хорижий илмий-таълим муассасалари билан алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида Венгрияда амалиёт ўтамоқда.
Сафарнинг дастлабки кунларида делегация аъзолари Венгриянинг нуфузли олий таълим муассасаларидан бири — Лудовика Давлат хизмати университети фаолияти билан танишди. Тингловчилар ҳуқуқ соҳасининг долзарб масалалари, замонавий ўқитиш методикалари ҳамда давлат бошқарувидаги инновацион ёндашувларга бағишланган маъруза ва амалий тренингларда иштирок этди.
Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчилар ва тингловчилар алмашинувини йўлга қўйиш ҳамда қўшма таълим дастурларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, делегация Венгрия Ҳуқуқий фанлар институти фаолияти билан танишиб, келгусидаги қўшма лойиҳалар юзасидан фикр алмашди.
Ўқув дастури доирасида Европа ҳуқуқининг ўзига хос жиҳатлари, замонавий тенденциялар, фундаментал ҳуқуқ, рақамли тартибга солиш ва ҳуқуқ ижодкорлиги каби йўналишларда маърузалар тингланди. Мутахассисларнинг таъкидлашича, мазкур амалиёт ўзбек ҳуқуқшуносларининг касбий малакасини ошириш ва юридик таълимга халқаро стандартларни жорий этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Сафар давомида институт тингловчилари Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчихонасида ҳам бўлди. Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан ташкил этилган учрашувда Венгриянинг етакчи ҳуқуқий муассасалари билан ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА