Янги савдо мажмуаси иш бошлади
Термиз шаҳрида янги савдо мажмуаси иш бошлади. Қарийб 300 ўринли ўн битта савдо павильони, иккита қаҳвахонадан иборат мажмуа қурилишига 10 миллиард 650 миллион сўм маблағ сарфланди.
Термиз шаҳрида янги савдо мажмуаси иш бошлади. Қарийб 300 ўринли ўн битта савдо павильони, иккита қаҳвахонадан иборат мажмуа қурилишига 10 миллиард 650 миллион сўм маблағ сарфланди.Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, нуронийлар, тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган иншоотнинг очилиш маросимида Президентимиз раҳнамолигида замонавий сервис ва хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, замонавий бозор ва савдо мажмуалари барпо этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2010 йил 26 апрелдаги “Деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Ушбу қарор ижроси ҳамда 2015-2017 йилларда Сурхондарё вилоятининг йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастурига мувофиқ вилоятда 36 савдо, хизмат кўрсатиш ва сервис иншооти, 26 бозор барпо этилиб, мавжудлари реконструкция қилинаётир.
Миллий ва замонавий архитектура услублари уйғунлигида қурилган савдо павильонларида яратилган қулайлик ва шароитдан аҳоли жуда мамнун.
– Юртнинг ободлигини билмоқчи бўлсанг, бозорига боқ, деган нақл бекорга айтилмаган, – дейди меҳнат фахрийси Олимжон Эшонов. – Қадимдан бозор юрт ободлиги ва халқ фаровонлигини белгилашда муҳим омил бўлган. Мустақиллик йиллари бундай улуғ қадриятларимиз қайта тикланиб, жаҳон талабларига жавоб берадиган иншоотлар жадал қурилаётгани, мавжудлари замонавий услубда таъмирланаётгани юртимиздаги тинчлик, ободлик ва одамларнинг муносиб турмуш кечириши учун кўрсатилаётган улкан эътибор самарасидир. Ана шундай эзгу амаллар ташаббускори Юртбошимиздан миннатдормиз.
Тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими Т.Мамараимов сўзга чиқди.