Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Сурхондарё вилояти бошқармалари ҳамкорлигида Вазирлар Маҳкамасининг кадастр тизимини янада такомиллаштириш юзасидан қабул қилинган қарорлари мазмун-моҳиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш бўйича Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ўтказилган тажриба-синов натижаларини инобатга олиб, кадастр муҳандиси институтини босқичма-босқич жорий этиш орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришга муҳим эътибор қаратилмоқда.
Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 июлдан бошлаб эса республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 августда қабул қилинган “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз юритилган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг шу санада қабул қилинган “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорига кўра, кадастр соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби жорий қилинмоқда.
[gallery-13683]
– Рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилади, - дейди Кадастр агентлиги Сурхондарё вилояти бошқармаси бошлиғи ўринбосари Х.Ўразов. – Малака ошириш курслари кўпи билан етмиш икки соатни ташкил этиб, малака имтиҳони тест шаклида бўлиб ўтади. Рўйхатдан ўтказувчига икки иш куни ичида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчининг аттестациядан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади.
Матбуот анжуманида юқорида келтирилган қарорлар мазмун-моҳияти, соҳага оид қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари борасида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси томонидан жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида туман, шаҳар ер ва кадастр назорати инспекторлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида сўз юритилди.
Журналистларни қизиқтирган барча саволларига мутасаддилар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Жонибек Қўзимуродов (сурат), ЎзА