Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси
Францияда юртимиз сайёҳлик салоҳияти тақдимоти ўтказилди. Корея Республикасидаги автобусларга Ўзбекистонга саёҳатга чорловчи реклама эълонлари пайдо бўлди. Ўзбекистон – сайёҳлик учун хавфсиз мамлакат деб эътироф этилди. Мамлакатимиз вакиллари бутунжаҳон туристик ярмаркасида қатнашди.
Деярли ҳар куни шу ва шунга ўхшаш хабарларни эшитяпмиз. Юртимиздаги сайёҳлик объектлари, аэропорт ва вокзалларда ҳам сайёҳлар сони анча кўпайди. Аслида ҳам юртимизнинг гўзал табиати ҳамда тарихий-маданий ёдгорликлари ва муқаддас қадамжолари кўплиги туфайли сайёҳлик соҳаси бизда энг сердаромад тармоқлардан бирига айланиши, мамлакатимиз иқтисодиётидаги ўрни анча юқори бўлиши лозим.
Мамлакатимизда мавжуд имкониятдан фойдаланган ҳолда туризмни ривожлантириш, соҳа вакилларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу Ўзбекистоннинг сайёҳлик жозибадорлигини оширмоқда. Ўтган йил Бутунжаҳон туризм ташкилотининг навбатдаги сессияси Самарқандда ўтказилди. Ҳар йили халқаро миқёсдаги туризм ярмаркалари ташкил этилмоқда. Ана шу омиллар натижасида юртимизга келадиган сайёҳлар сони йилдан йилга ошмоқда. Мамлакат ичкарисида ҳам ички туризм жадал ривожланяпти.
[gallery-18497]
Туризм ҳақида гап кетганда биринчилар қаторида тилга олинадиган Самарқанд мисолида фикрларимизни асосласак. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг олти ойи давомида вилоятга 1 миллион 253 минг нафар хорижий, 1 миллион 742 минг нафар маҳаллий сайёҳ келган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,4 баробарга кўп демакдир.
– Йил бошидан буён туризм хизматлари экспорти 301,3 миллион долларни ташкил этиб, туристларнинг вилоятимизда қолиши ўртача 2,7 кунга узайди, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Авваллари 1-15 кунни ташкил этарди. Сайёҳлар юртимизга қанча кўп қолса, бу иқтисодга шунча фойда. Лекин албатта, бунинг учун етарли шароит, халқаро талабларга мос сервис йўлга қўйилиши керак. Бу борада ҳам йиллик ва узоқ муддатга мўлжалланган дастурлар асосида иш олиб борилмоқда. Хусусан, йилнинг биринчи ярмида вилоятда 910 ўринли 6 та меҳмонхона, 11 та хостел, 40 та оилавий меҳмон уйи ташкил этилди. 45 та туристик компаниялар фаолият бошлаб, уларнинг сони 347 тага етди. Бу компаниялар ва сайёҳлик объектларида 520 нафардан ортиқ гид-таржимон ишлаяпти. Сайёҳларга сифатли хизмат кўрсатиш учун айни пайтда вилоятда туристик синфга мансуб 121 та автобус, 115 та микроавтобус мавжуд. Давлатимиз раҳбарининг 18 июлдаги “Ўзбекистон Республикасида туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини яна оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонига кўра, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари томонидан хориждан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар 2015 йил 1 августга қадар божхона божидан озод қилингани бундай транспорт воситалари сони янада ошишига хизмат қилди. Шунингдек, кейинги йилларда вилоятда 16 та туризм ахборот маркази ташкил этилиб, туристларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Йил бошидан буён туристик объектларга олиб борувчи 72 та йўл кўрсатгич белгилари ўрнатилиб, 35 та туризм объектида Wi-Fi зоналари ташкил этилди.
Белгиланган дастурлар асосида олти ой давомида қиймати 255 миллиард 850 миллион сўмлик 14 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Жумладан, 132 миллиард сўмлик 6 та меҳмонхона, 55 миллиард сўмлик битта санаторий-соғломлаштириш маркази, 13 миллиард сўмлик 3 та экотуризм дам олиш маскани, шунингдек, транспорт хизмати, логистика, авто кемпинг ва бошқа хизматлар лойиҳалари ишга туширилди.
Хорижий ва маҳаллий туристлар учун 130 дан ортиқ маданий кўнгилочар тадбирлар, 30 дан ортиқ конференция ва форумлар ҳамда халқаро тадбирлар ташкил этилди. Туризм салоҳиятини тарғиб этиш мақсадида 40 дан ортиқ хорижий мамлакат оммавий ахборот воситалари ҳамда йирик туризм ташкилотлари вакиллари учун инфо-турлар уюштирилди.
Хорижий туристларни жалб этиш мақсадида Венгрия, Испания, Буюк Британия, Янги Зеландия, Хитой Халқ Республикаси, Тожикистон, Қирғиз Республикасида ўтказилган тадбирларда Самарқанд вилояти туризм соҳаси масъуллари ва туристик фирмалар иштирок этиб, вилоятнинг туризм салоҳиятини тарғиб қилди. Муҳим янгиликлардан яна бири, Самарқанд шаҳри билан Хитойнинг Урумчи ва Сиань шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар йўлга қўйилди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан шу йилнинг 16 июль куни ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари бўйича тақдимот билан танишиш чоғида белгилаб берилган вазифалар ва тегишли дастурлар асосида йилнинг иккинчи ярмида вилоятга келадиган хорижлик сайёҳлар сонини 2,5 миллион нафарга, туризм хизматлари экспортини 500 миллион АҚШ долларига етказиш режалаштирилган, – дейди Рустам Қобилов. – Шу мақсадда 40 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий туризм фестиваллари ўтказилади, хорижий ва маҳаллий ОАВ вакиллари учун инфо-турлар ташкил этилади. Йил охирига қадар 3 триллион 794 миллиард сўмлик 97 та лойиҳа амалга оширилади ва 3,9 мингта иш ўрни яратилади. Бу лойиҳаларнинг 51 таси жойлаштириш воситалари, 17 таси умумий овқатланиш ва кўнгилочар масканлар, 21 таси дам олиш маскани ва 9 таси ҳунармандчилик, сувенир ва бошқа хизмат кўрсатиш объектлари ҳисобланади.
Президентмизнинг шу йилнинг 6 февралдаги қарорига кўра, Самарқанд туманида умумий майдони 4656 гектар бўлган “Оҳалик – Оқбўйро – Миронқул” туристик-рекреацион зонаси ташкил этилди. Бугунги кунда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда мазкур лойиҳанинг мастер режаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа икки йилга мўлжалланган бўлиб 2027 йилда тўлиқ ишга туширилади. Тоғ туризми лойиҳаларида ҳудудларда “зиплайн”, “банжи-жампинг” ва “зорбинг” аттракционлари, канатли парк, дор йўллари, делтаплан ва параплан ёки ҳаво шарида учиш каби экстремал туризм йўналишлари йўлга қўйилади.
Бундан ташқари, бу йил Самарқанд шаҳрида “Qorako'l Stroy Engineering” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 30 миллион АҚШ доллар бўлган яна бир беш юлдузли меҳмонхона фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Меҳмонхонага “Wyndham” бренди жалб этилади. Ургут тумани Омонқўтон маҳалласида, Тахтиқорача довони атрофида “Zamin Travel” МЧЖ томонидан 300 ўринли замонавий санаторий-соғломлаштириш маркази лойиҳаси амалга оширилмоқда. Умуман, Самарқандни Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозасига айлантириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилади ва бу ишлар самараси тез орада кўзга ташланиб қолади.
Ғ.ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат),
ЎзА мухбирлари