“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” доирасида стол тенниси баҳслари ўтказилди
“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” комплекс спорт мусобақаларининг иккинчи босқичи доирасида Тошкент вилояти олий таълим муассасалари талабалари ўртасида стол тенниси бўйича мусобақалар ташкил этилди.
Беллашувлар Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт иншоотларида юқори савияда ўтказилди.
Мусобақада Тошкент вилоятидаги 8 та олий таълим муассасаси жамоалари иштирок этиб, иқтидорли ҳамда спортга қизиқиши юқори бўлган талаба-ёшлар ғолиблик учун ўзаро куч синашди.

Якуний натижаларга кўра, эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида Чирчиқ давлат педагогика университети жамоаси биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Ангрен университети вакилларига насиб этган бўлса, учинчи поғонадан “International School of Finance Technology and Science” жамоаси жой олди.
Аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида ҳам Чирчиқ давлат педагогика университети талабалари ғолиб бўлди. Тиббиёт академияси Чирчиқ филиали иккинчи, Беларусь-Ўзбекистон тармоқлараро амалий техник квалификациялар институти эса учинчи ўринни эгаллади.
Микс баҳсларида ҳам Чирчиқ давлат педагогика университети жамоаси тенгсиз эканини намоён этди. Тиббиёт академияси Чирчиқ филиали иккинчи, Ангрен университети эса учинчи ўрин билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА