Стол теннисида "Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси" ғолиблари аниқланди
Стол тенниси мусобақаларининг "Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси" дастуридан ўрин олгани нафақат кичик ракетка машғулотларига қизиқадиган талаба-ёшлар фаолиятида, олий таълим муассасалари, тизимдаги спорт клублари иш тизимига ҳам ўзига хос ижобий таъсир кўрсатди.
Бу, ўйинларнинг биринчи ва иккинчи босқич мусобақаларини ташкил этишда, спорт жиҳозлари билан таъминлашда янги имкониятлар майдонини вужудга келтирди.
Юртимиз таълим муассасаларининг иқтидорли теннисчи талабалари иштирокида ўтган финал баҳсларининг яккалик ва аралаш жуфтлик мусобақалари бир қатор истеъдодларни кашф этгани билан аҳамиятли бўлди.

Қизиқарли кечган саралаш, ярим финал ва финал ўйинлари сарҳисобига кўра, талаба қизлар ўртасидаги яккалик ўйинларда Тошкент иқтисодиёт ва педагогика институти спортчиси Диёра Тошпўлатова ғолиблик шоҳсупасидан жой олган бўлса, совринли ўринлар Шаҳризода Шарипова (Чирчиқ давлат педагогика университети), Гулноз Шералиева (Урганч давлат университети), Гулбаҳор Абдусаломова (Наманган давлат университети)га насиб этди.
Яккаликнинг йигитлар баҳсида эса Муҳаммадаминхўжа Абдурасулов (Чирчиқ давлат педагогика университети) 1-ўринни, Диёрбек Тоҳирмуҳаммаджонов (Қўқон давлат педагогика институти) 2-ўринни, Дилшодбек Ражабов (Урганч давлат университети) ва Шерзод Йўлдошев (Нукус давлат педагогика институти) 3-ўринларни эгаллади.
Аралаш жуфтлик мусобақаларидаги рақобатда Урганч давлат университети талабалари Фариджон Жумақулов ва Ноила Нишонова олтин, Низомиддин Рўзибоев ва Мухлиса Абдуманнопова (Фарғона давлат университети) кумуш, Икрамов Омадилло ва Абдуллаева Моҳира (Андижон давлат педагогика институти) ҳамда Азизбек Тўймуродов ва Севинч Азимжонова (Гулистон давлат университети) бронзага эгалик қилди.
Т.Рўзиев, ЎзА