“Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” бошланмоқда
Мамлакатимизда талаба-ёшлар орасида оммавий спорт мусобақаларини тизимли тарзда ташкил этиш, маҳоратли ёшларни аниқлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, жорий йилдан талабалар ўртасида ўтказилиши йўлга қўйилган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақалари мазкур йўналишда ўзига хос воқелик бўлди.
Хусусан, жорий йил май ойида мазкур спорт ўйинларининг ҳудудий босқичларига старт берилиши ёшлар ўртасида оммавий спорт қамрови янада кенгайишига хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Куни кеча жорий йилнинг 1–15-май кунлари ўтказилиши режалаштирилган “Янги Ўзбекистон талабалари олимпиадаси” спорт мусобақаларининг Тошкент шаҳар босқичини юқори савияда ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилишда шу ҳақда сўз борди.
Йиғилишда мусобақа дастуридан ўрин олган спорт турлари бўйича ташкилий ишларни самарали йўлга қўйиш, спорт иншоотларининг тайёргарлик ҳолатини ўрганиш ҳамда мусобақаларни ўтказиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, талабаларни ERP.SPORT.UZ платформаси орқали рўйхатдан ўтказиш, жамоаларни гуруҳларга ажратиш, ҳудудий босқич ўйинларини ташкил этиш, ҳакамлик, техник таъминот ҳамда ташкилий ишларни белгилаб олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Муҳокамалар якунида масъулларга мусобақаларни юқори савияда ташкил этиш бўйича аниқ вазифалар белгиланди
Т.Рўзиев,
ЎзА