Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессияси дунёдаги барча давлатлар учун тарихий аҳамиятга эга воқеа бўлди, десак муболаға бўлмайди. Ушбу нуфузли анжуман минбарида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан янграган кенг қамровли нутқ ва унда илгари сурилган амалий ташаббуслар нафақат мамлакатимизда, балки илғор халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш ва қўллаб-қувватлашга сазовор бўлди.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда глобал институтларнинг ролини кучайтириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш, замонавий таҳдидларга қарши курашишда биргаликда ҳакарат қилиш, бунинг учун минтақавий ҳамкорлик ва интеграция жараёнларини чуқурлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Янги глобал воқелик ва БМТнинг роли
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқи жаҳон минбаридан янграган тарихий чиқиш, воқелик бўлди, назаримда. Сабаби, ушбу нутқ ҳақиқат сари, тинчлик ва ҳамжиҳатлик сари ташланган энг тўғри ва мақбул қадам ўлароқ қалбларга умид бахш айлади. Унда илгари сурилган ғоя ва ташаббуслар нафақат Янги Ўзбекистон тараққиёти, балки бутун инсоният тақдири учун беқиёс аҳамиятга эга экани билан халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотди ва дунёнинг турли минтақа ва давлатларида ўз ижобий баҳосини олмоқда.

Президентимиз ўз нутқида, аввало, замонавий дунёда кечаётган кескин жараёнларни чуқур таҳлил қилиб берди. Хусусан, халқаро институтлар нуфузининг пасайиши, низо ва урушларнинг кучайиши, иқтисодий ва ижтимоий инқирозлар таҳдидларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу боис, “Буларнинг ҳаммаси мутлақо янги, хавотирли геосиёсий воқеликни вужудга келтирмоқда” деди давлатимиз раҳбари. Шу шароитда БМТнинг асосий мақсадларини қайта ҳаётга татбиқ этиш, унинг халқаро майдондаги нуфузини сақлаб қолиш нақадар зарурлиги таъкидланди. Бунда Ўзбекистон БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг энг оғир ва ўткир глобал масалаларни муроса билан ҳал этиш учун Ташкилотимизни асосий платформа сифатида сақлаб қолишга қаратилган саъй-ҳаракатларини юксак баҳолаймиз, деган сўлари алоҳида аҳамиятга моликдир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “БМТ – 80” ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлаш, Келажак учун пактга қатъий содиқлигимиз, шунингдек, замонавий хавф-хатарларга қарши самарали курашиш, ривожланаётган давлатларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида БМТ Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва унинг таркибини кенгайтириш тарафдори эканлигимиз мамлакатимизнинг позицияси сифатида билдирилди. Буларнинг бари Ўзбекистонни глобал ҳамжиҳатлик сиёсатида масъулиятли иштирокчи эканини яққол кўрсатади.
Маълумки, Ўзбекистон халқаро майдонда, минтақамизда ҳам ҳамиша ўзининг тинкликсевар сиёсати билан бошқаларга ўрнак бўлиб келган. Бу халқимиз менталитетига ва тарихий анъаналаримизга ҳамоҳанг жиҳатдир. Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда Глобал аксилтеррор стратегиясини бажариш бўйича самарали ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлади. БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси билан ҳамкорликда Реабилитация ва қайта интеграция масалалари бўйича Минтақавий Кенгаш тузилганини эътироф этиб, Ўзбекистон уни “Халқаро компетенциялар маркази”га айлантиришни таклиф этгани муҳим аҳамиятга эга воқеа бўлди.
Албатта, бу тузилма муаммоли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш бўйича тажриба алмашиш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилиши ҳозирги мураккаб замонда ҳар томонлама гуманитар, иқтисодий-ижтимоий, инсонпарвар давлатчилик сиёсатимизга тўлиқ мос келади. Шу боис, Давлатимиз раҳбарининг “Терроризмга қарши кураш бошқармасининг минтақавий офиси”ни Ўзбекистонда очиш учун зарур шароит яратишга тайёрмиз, деган сўзлари оддий чақириқ эмас, балки чуқур ўйланган амалий аҳамиятга ташаббус сифатида баҳоланса тўғри бўлади. Бунга бизда ҳар томонлама имконият ва салоҳият мавжуд, деб ҳисоблаймиз.
Янги Ўзбекистон ислоҳотлари – барқарор ривожланиш намунаси
Давлат раҳбарининг жаҳон минбарида сўзлаган нутқидаги марказий йўналишларидан бири – бу Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар бўлди. Сўнгги йилларда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизга туширилгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган улкан натижалар, “яшил” иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш йўналишидаги қадамлар халқаро аҳамиятга эга ислоҳотлар сифатида санаб ўтилди.
Мактабгача таълим қамровининг 27 фоиздан 78 фоизга, олий таълим қамровининг эса 9 фоиздан 42 фоизга етказилгани, педагог касбининг нуфузини ошириш, Бутунжаҳон профессионал таълим саммитини Ўзбекистонда ўтказиш таклифи мамлакатимизнинг таълим соҳасидаги етакчи мақсадларини акс эттирди.
Президентимиз нутқида, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги роли, гендер тенглик масаласи алоҳида ўрин олди. Шу билан бирга, ёш авлодни тинчлик ва бағрикенглик руҳида тарбиялаш, уларнинг глобал жараёнларда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси илгари сурилди. Бу ўз навбатида, минтақавий ҳамжиҳатлик бўйича Марказий Осиёдаги янгича муҳит шаклланганидан далолат беради.
Президентимиз нутқида бундан 8 йил аввал БМТнинг мана шу олий минбаридан эълон қилинган – Марказий Осиёни тинчлик ва ҳамжиҳатлик маконига айлантириш ғояси бугун тўла амалга оширилгани алоҳида қайд этилди. Ёпиқ чегаралар, ҳал этилмаган баҳс ва низолар даври тарихда қолди. Сўнгги йилларда минтақамизда ўзаро савдо, инвестициялар ва транспорт ташувлари ҳажми беш баробаргача кўпайди. Биз қўшма инвестиция жамғармалари, чегара ҳудудларида савдо ва саноат зоналарини ташкил қиляпмиз, йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз.
Минтақада савдо ва инвестициялар ҳажмининг бир неча баробарга ўсиши, инфратузилма ва чегара олди ҳамкорлик лойиҳаларининг амалга оширилиши, давлат раҳбарлари маслаҳат учрашувлари минтақавий интеграциянинг самарали механизмга айлангани таҳлил этилди.
Ўзбекистоннинг мазкур мақсадларга эришиш учун барча хорижий шерикларимиз билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга таёрлиги баён этилар экан, бу борада Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмалари билан минтақамизда қатор янги лойиҳа ва дастурларни амалга оширишни таклиф этамиз, деди давлатимиз раҳбари. Жумладан, ЭКОСОС ва ЮНКТАД шафелигида Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий тараққиёти масалаларига бағишланган халқаро форум ўтказиш, ЮНИДО билан саноатда “яшил” технологиялар минтақавий хабини ташкил этиш, минтақамизда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, “яшил” макон барпо этиш ҳамда демографик барқарорликка эришиш бўйича дастурларни қабул қилиш ташаббуслари билан чиқамиз. Шу билан бирга, Бош Ассамблеянинг Марказий Осиё мамлакатларининг минтақавий шериклик ва иқтисодий интеграцияни чуқурлаштиришга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир резолюциясини қабул қилишни таклиф этилди.
Ўзбекистон Президентининг бу каби глобал аҳамиятга эга ташаббуслари глобал, умумбашарий мақсадларга хизмат қилишини алоҳида эътироф этишимиз лозим. Чунки, Президентимиз томонидан илгари сурилган ва жаҳон ҳамжамияти ташаббуслар диққат марказига қаратилган: Афғонистонда тинчлик ва иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш; Ғазо ва Украинадаги муаммоларни сиёсий йўл билан ҳал қилиш; Оролбўйи экотизимини тиклаш; Сувни тежаш бўйича Бутунжаҳон форумини ташкил этиш; иқлим миграциясига қарши Глобал пакт қабул қилиш таклифлари нафақат минтақавий, балки глобал барқарор тараққиёт йўлида амалий қадамдир.
Хулоса сифатида айтганда, Президентмиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 80-сессиясидаги тарихий нутқи ўз моҳият эътиборига кўра, Янги Ўзбекистоннинг очиқлик, прагматизм ва ҳамжиҳатлик сиёсатининг узвий ифодасидир, унда янграган ташаббуслар халқаро ҳамжамиятни тинчлик, барқарор ривожланиш ва ҳамкорлик сари чуқур таҳлил ва ўзаро манфаатлар акс этган муҳим сиёсий позициядир.
Ойбек ТУРҒУНОВ,
Жамоат хавфсизлиги университети
бошлиғининг биринчи ўринбосари.