Янги ўйингоҳ — янги орзулар майдони
Болаликдаги катта орзулар кўпинча оддий бир майдондан бошланади. Тўп тепиб, югуриб, ўз кучини синаётган бола бир кун келиб катта мусобақаларда юртимиз шарафини ҳимоя қилишини ҳали тасаввур қилмаслиги мумкин. Аммо унинг орзусига қанот берадиган шароит бўлиши керак.
Пахтакор туманида Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида янгиланган Марказий ўйингоҳнинг фойдаланишга топширилиши ана шундай имкониятлардан биридир. Бу аввало, туман ёшларига байрам туҳфаси, бўш вақтни мазмунли ташкил этиш ва спорт билан мунтазам шуғулланиш учун яратилган янги шароитдир.
Ўйингоҳни мукаммал таъмирлаш ишларига маҳаллий бюджет маблағларидан 3 миллиард 300 миллион сўм йўналтирилди. Ушбу маблағ ортида эса инсон саломатлиги, ёш авлод тарбияси ва келажак спортчилари учун яратилаётган имконият мужассам.


Янгиланган иншоотда аҳоли, айниқса, ёшлар мунтазам машғулот ўтказиши, оммавий спорт тадбирлари ва мусобақаларни муносиб даражада ташкил этиши учун зарур шароитлар яратилди. Тантанали очилиш маросимида туман ҳокими Ҳусан Абдувоҳидов, Жиззах вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Нозимжон Усмонов, соҳа вакиллари, нуронийлар, ёшлар ҳамда спортчилар иштирок этди.
Бир қарашда, Пахтакорда фақат бир спорт иншооти янгилангандек. Аслида эса масаланинг моҳияти бундан анча кенг. Чунки спорт майдони — ёшнинг вақти, қизиқиши ва интилишини тўғри йўналтириш мумкин бўлган муҳит. Бундай муҳит бор жойда мақсад пайдо бўлади, интилиш кучаяди, иқтидор ўзини намоён этади.


Айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш соғлом ва баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим шартидир. Шу маънода, Пахтакордаги янгиланишни бир иншоот доирасидагина баҳолаб бўлмайди. Унинг аҳамияти эртага шу майдонга чиқадиган болаларнинг қизиқиши, ютуқлари ва эришадиган натижалари билан ўлчанади.
Янги Ўзбекистонда ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб шароит яратиш вазифалари 2026 йил 16-февралда қабул қилинган Президент Фармонида ҳам ўз ифодасини топган. Ҳужжатда маҳаллалар инфратузилмасини такомиллаштириш ва уларга Янги Ўзбекистон қиёфасини бериш устувор вазифалар сифатида белгиланган. Пахтакордаги амалий иш ҳам ана шу мақсадларнинг ҳудуддаги бир кўринишидир.


Мустақилликнинг 35 йиллиги арафасида туман аҳлига туҳфа этилган Марказий ўйингоҳнинг қадри ҳам шунда. Унинг янги қиёфасида бугунги меҳнат, эртанги умид бор. Бу майдонда ҳали қанча боланинг илк ғалабаси, қанча ёшнинг катта орзуси ва, балки, Пахтакор, Жиззах, Ўзбекистон номи билан боғлиқ улкан спорт зафарлари амалга ошади.
Энг муҳими, ёшлар учун яна бир эшик очилди. Энди унинг остонасидан ўз орзуси сари дадил қадам ташлаётган янги авлод кириб келади.
Абдужалол ҚАЮМОВ, ЎзА мухбири