Спорт вазирлиги ташаббуси билан Янгиер шаҳрининг Фазилат маҳалласида замонавий “Универсал” спорт майдончаси қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу иншоот 30 июнь — Ёшлар куни арафасида янгиерлик ёшларга берилган энг муносиб туҳфалардан бири бўлди.
Мазкур майдонча — шунчаки янги иншоот эмас. У “Беш ташаббус олимпиядаси” нинг 2024 йилги Республика босқичида 1 та олтин ва 2 та бронза медални қўлга киритган янгиерлик ёшларнинг ютуқларини муносиб тақдирлаш рамзи сифатида барпо этилди.

Янги майдонча футбол, волейбол ва баскетбол каби спорт турлари билан шуғулланиш учун мўлжалланган бўлиб, замонавий қоплама, тўлиқ ёритиш тизими ва хавфсизлик талабларига жавоб берадиган жиҳозлар билан таъминланган. У нафақат Фазилат маҳалласида, балки яқин атрофдаги ҳудудларда истиқомат қилувчи ёшлар учун ҳам очиқ.

Тантанали очилиш маросимида Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов, Янгиер шаҳар ҳокими ўринбосари Жасур Эгамбердиев, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг вилоят бўлими ижрочи директори Баҳодир Эшонов, шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Дилшод Ибрагимов, маҳаллий мутасаддилар, спорт мураббийлари, ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Тадбирда сўзга чиққан Сирдарё вилояти Спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов шундай деди:
– Президентимиз ташаббуси билан амалга оширилаётган “Беш муҳим ташаббус” доирасида ёшлар учун шундай замонавий спорт майдонларининг қурилиши — ёш авлоднинг жисмоний ва маънавий ривожи учун энг самарали инвестиция ҳисобланади. Бу майдонча орқали фақат спорт эмас, балки жамоавийлик, интизом ва ғалабага интилиш туйғулари ҳам шаклланади. Янгиерда бундай ташаббуслар изчил давом эттирилади.

Майдон футбол, волейбол ва баскетбол каби спорт турлари учун тўлиқ мослаштирилган. Замонавий қоплама, ёритиш ва хавфсизлик тизими билан таъминланган. Бир сўз билан айтганда, ёшлар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
– Илгари бундай майдонча бўлиши фақат орзу эди, – дейди ёш спортчи Азизбек Нуриев. – Энди ҳар куни шу ерда машқ қиляпмиз. Майдон ҳам ёруғ, ҳам хавфсиз. Юзлаб ёшлар келиб шуғулланмоқда. Энди бизда баҳона йўқ — машқ қиламиз ва ғалаба қозонамиз!

Янгиерлик ёшлар учун яратилган мазкур спорт майдончаси — нафақат соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, балки мақсад ва орзулар сари дадил интилиш учун яна бир имкон, яна бир пойдевордир. Эътибор бор жойда натижа ҳам бўлади. Ёшлар буни ўз мисолида намоён қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири