Янги иш ўринлари яратилмоқда
Қизилтепа туманида хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил қилиш ва янги иш ўринлари яратиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Бугунги кунда туманда 19 та хорижий корхона фаолият юритмоқда. Улар томонидан амалга оширилаётган лойиҳалар нафақат ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, балки экспорт салоҳиятини юксалтириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштиришга ҳам хизмат қилмоқда.
“SVS NAVOIY” МЧЖ ХК томонидан амалга оширилган “Қурилиш учун латекс қопламали пахта қўлқоплар ишлаб чиқариш” лойиҳаси ана шундай истиқболли лойиҳалардан биридир. Корхонанинг Россия бозоридаги улуши 25 фоизни ташкил этади. Лойиҳа доирасида 2 500 та иш ўрни яратилган.

Айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳанинг қиймати эса 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳага 100 фоиз тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган. Корхона учун зарур ускуналар Арманистон ва Хитойдан олиб келинмоқда. Ҳозирда ускуналарнинг 75 фоизга тенг қисми ўрнатилди. Қурилиш ишлари тўлиқ бажарилгандан сўнг яна 900 та янги иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Корхона томонидан қурилишда муҳим бўлган ғишт, блок ва бетон билан ишлашда қўлнинг сирпанмаслигини таъминлаш, қўлни цементнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш ҳамда латекс қопламаси орқали намлик ўтказмаслик хусусиятига эга 6 турдаги, 220 миллион жуфт ҳар хил турдаги ва латекс қопламали қурилиш қўлқопларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Мазкур ишлаб чиқариш корхонаси тўлиқ қувват билан иш бошлагандан сўнг Марказий Осиё давлатларининг ҳар хил турдаги ва латекс қопламали қурилиш қўлқопларига бўлган эҳтиёжини қондириш имкониятига эга бўлади.
А.Бўриев, ЎзА мухбири