Саноат ишлаб чиқариш соҳасида хавфсизликни таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва ходимлар малакасини доимий равишда ошириш бугунги кунда муҳим вазифалардан бирига айланган. Шу мақсадда “Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти таркибига кирувчи “Янги-Ангрен ИЭС” АЖда навбатдаги ўқув-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбирда ишлаб чиқариш жараёнларида ходимларнинг жароҳатланиш ҳолатларини камайтириш, хавфсиз меҳнат муҳитини шакллантириш ва тизимдаги раҳбар ҳамда масъул ходимлар билимларини оширишга алоҳида эътибор қаратилди.


Семинар доирасида меҳнат муҳофазаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги соҳаларидаги қонунчилик асослари, амалдаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар, шунингдек, жамоатчилик вакилларининг роли бўйича маърузалар тингланди. Шу билан бирга, меҳнат интизомини мустаҳкамлаш, иш жойларида хавфсизлик маданиятини юксалтириш, илғор тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама этилди.
–Бугунги семинарнинг асосий мақсади ишлаб чиқариш жараёнларида хавфсизлик маданиятини янада юксалтириш ва ҳар бир ходимда меҳнат муҳофазасига жиддий ёндашишни шакллантиришдир,– деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқармаси катта инспектори Баҳром Умиров. – Йилдан-йилга хавфли иш шароитларини бартараф этиш, ходимларимизнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб бориляпти. Бу семинар эса бу борадаги билим ва кўникмаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади. Биз бу ерда фақат назарий билимларни эмас, балки ҳаётий заруратга айланган хавфсизлик масалалари бўйича аниқ амалий ечимларни муҳокама қилдик. Бу эса, албатта, иш жойидаги реал вазиятларни яхшилашга ёрдам беради.


Тадбирда айтиб ўтилгани каби амалиётга йўналтирилган бундай тадбирлар нафақат меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштиради, балки раҳбар ходимларнинг масъулиятини ошириш, ишлаб чиқаришдаги интизом ва тартибни мустаҳкамлашга ҳам туртки беради.
Куннинг иккинчи ярмида семинарнинг амалий қисми бўлиб ўтди. Унда иштирокчилар бевосита ишлаб чиқариш объектларида бўлиб, амалий машғулотларда қатнашди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА