Хавфсиз меҳнат – барқарор ривожланиш кафолати
“Навоий ИЭС”АЖда 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни муносабати билан “Хавфсиз меҳнат асослари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.
Мазкур тадбир корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш, ишлаб чиқариш жараёнларида хавфсизлик маданиятини юксалтириш ҳамда бахтсиз ҳодисалар ва касбий касалликларнинг олдини олишга қаратилди.
Семинарда корхона раҳбарияти, меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар ва турли бўлинмалар ходимлари иштирок этди.

Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Навоий вилояти Кенгаши раиси Назира Тоғаева сўзга чиқиб, меҳнат муҳофазаси йўналишида олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, бугун дунё ҳамжамияти глобаллашув жараёнларида ривожланишнинг янги босқичига кўтарилмоқда. Бу бевосита ишлаб чиқариш фаолиятининг янада кучайиши, ишчи-ходимларга бўлган эҳтиёж ортиб бораётганини кўрсатади. Ишлаб чиқариш жараёнларида ҳар бир ташкилот олдига меҳнат муҳофазасини самарали ташкил этиш муҳим вазифа ҳисобланади.
Тадбирда “Smart integrity M E” МЧЖ директорининг биринчи ўринбосари Баҳодир Нуриддинов томонидан ишлаб чиқариш корхоналарида меҳнат муҳофазасини кучайтириш, ишчи-ходимлар учун қулай шароитлар яратиш, “Навоий ИЭС” АЖда бу борада олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида сўз юритилди.
Семинар давомида иштирокчиларга меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги амалдаги қонунчилик ҳужжатлари, иш жойларида учрайдиган асосий хавф-хатар омиллари ва уларни бартараф этиш чоралари ҳақида кенг қамровли маълумотлар тақдим этилди. Айниқса, ишлаб чиқаришда электр ва ёнғин хавфсизлиги, саноат гигиенаси ва шахсий ҳимоя воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Шунингдек, семинарда психосоциал муҳит ҳақида маълумот берилди.
– Психосоциал муҳит бу ходимларнинг руҳий ҳолати, жамоадаги муносабатлар, раҳбарият билан мулоқот ва иш юкламаси каби омиллар йиғиндисидан иборат бўлиб, меҳнат самарадорлиги ва ходимлар саломатлигига бевосита таъсир кўрсатади, – дейди Федерациянинг Навоий вилояти Кенгаши меҳнат-техник инспектори Маҳбуба Қамбарова. – Иш жойида стресс, зўриқиш ва эмоционал чарчоқ каби ҳолатларнинг олдини олиш, адолатли меҳнат тақсимоти, очиқ мулоқот муҳитини яратиш ва ходимларни рағбатлантириш муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, раҳбар ва ходим ўртасида ишончли муносабатларни шакллантириш, жамоада ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш муҳитини яратиш психосоциал барқарорликнинг асосий омилларидан биридир. Соғлом психосоциал муҳитни таъминлаш нафақат иш жойидаги стрессни камайтиради, балки бахтсиз ҳодисалар хавфини пасайтиради, ходимларнинг ишга бўлган қизиқишини оширади ва умумий иш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатади.
Семинар интерактив тарзда ўтказилиб, иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди ва ўзаро тажриба алмашди.
А. Бўриев, ЎзА мухбири