Янги алоқалар – янги имкониятлар
Қадимий ва бетакрор Самарқанд заминида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси доирасида ўтказилган учрашувлар замонавий таълим, илм-фан ва инновациялар ривожида муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур конгресс доирасида 50 дан ортиқ ўзаро англашув меморандуми ва ҳамкорлик шартномасини имзолаш режалаштирилгани унинг кенг қамровли ва стратегик аҳамиятини яққол намоён этади. Республика олий таълим муассасалари қаторида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиали учун ҳам “Ўзбекистон ва Польша III ректорлар форуми” доирасида олиб борилган музокаралар самарали натижа билан якунланди.

Хусусан, филиал билан Польшанинг нуфузли олий таълим муассасаси – Краков қишлоқ хўжалиги университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ушбу келишув илмий интеграция, академик мобиллик ва инновацион ривожланиш йўналишларида узоқ муддатли ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади.
Мазкур университет Европа илмий-таълим маконида ўзига хос ўрин эгаллаган, илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни изчил ривожлантираётган нуфузли илмий марказлардан бири ҳисобланади.

Томонлар ўртасида эришилган келишувлар доирасида Erasmus+ дастурлари асосида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ йўналишлар белгиланди. Мазкур ҳамкорлик талаба ва профессор-ўқитувчиларнинг халқаро таълим маконига уйғун интеграциялашувини таъминлаш, илмий салоҳиятни ошириш ҳамда замонавий билим ва кўникмаларни эгаллаш учун кенг имкониятлар яратади.
Учрашув давомида томонлар ўзаро мулоқотда ҳамкорлик истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Илм-фан ва таълим интеграциясини чуқурлаштириш, замонавий инновацион ёндашувларни кенг жорий этиш ҳамда рақобатбардош кадрлар тайёрлаш масалалари муҳокаманинг асосий йўналишларига айланди.
Мазкур конгресс халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, олий таълим муассасалари ўртасида мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш ҳамда глобал миқёсдаги долзарб муаммоларга илмий ечимлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этувчи халқаро илмий жараён сифатида тарихда муҳим воқеа сифатида қайд этилди.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири.