Марказий Осиё – Европа Иттифоқи фан ва таълимда ўзаро ҳамкор
Самарқанд шаҳрида Марказий Осиё – Европа Иттифоқи университетлари конгресси ўтказилмоқда.
Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сирожев, Ўзбекистон Республикаси олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Польша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марцин Кулясек, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёров, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тойво Клаар (zoom орқали) ва бошқалар таълим ҳамда илм-фан соҳасидаги шерикликни чуқурлаштиришга қаратилган фикр, таклифларини билдиришди.
– Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги муносабатлар савдо-сотиқ масалалари билан чекланмаган, қадимдан икки минтақа илм-фан, маданият, маърифат соҳасидаги ҳамкорлик ривожланган, – деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ўринбосари Илҳом Сирожев. – Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарлари қадимдан Ғарб ва Шарқ ўртасида илм-маърифат марказлари сифатида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаб келган. Бугунги халқаро анжуман ҳам ушбу қадимий асоснинг узвий давоми шаклида ўзаро ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишга асос бўлиб хизмат қилади.
[gallery-28724]
Айни пайтда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар янги мазмун билан бойиб бормоқда. Ўзбекистон мазкур жараёнда фаол ташаббускорлик билан иштирок этмоқда. Президентимиз Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик, ўзаро ишонч муҳитини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб, изчил ислоҳотларни амалга оширмоқда. Бундай самимий мулоқотлар Европа Иттифоқи мамлакатлари билан ҳам кенг кўламда олиб борилаётгани ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга имкон яратмоқда. Авваллари ҳамкорлик алоҳида йўналишларда амалга оширилган бўлса, бугун бу стратегик тус олмоқда. 2025 йил 3-4 апрель кунлари Самарқандда тарихда илк бор “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи саммити” ўтказилиб, унда Европа Иттифоқи раҳбарияти ва Марказий Осиё давлатлари етакчилари томонидан муносабатларни стратегик шериклик даражасига олиб чиқиш бўйича муҳим келишувларга эришилгани бунинг яққол тасдиғидир. Мазкур конгресс ана шу тарихий саммитда белгиланган вазифаларнинг амалий давоми сифатида ташкил этилгани қайд этилди.
Конгрессда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё университетлари ўртасида ҳамкорликнинг янги йўналишлари, стратегик ёндашувлар ва келгусидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
– Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлиги тобора ривожланиб, бунда фан, таълим ва инновацияларга алоҳида эътибор қаратилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди Польша Республикаси фан ва олий таълим вазири Марцин Кулясек. – Конгресс доирасида ўтказилаётган Польша – Ўзбекистон учинчи ректорлар форуми ҳам ўзаро ҳамкорлигимизни янги босқичга олиб чиқишда алоҳида ўрин тутади. Бунда ўзаро кадрлар алмашинуви, илмий тадқиқотлар бўйича алоқалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда 1700 нафардан ортиқ ўзбекистонлик талаба Польшада таҳсил олмоқда. Бугунги форумда 30 дан кўпроқ олий таълим муассасаларимиз ректорлари иштирок этмоқда. Биз ўзаро ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришни мақсад қилганмиз ва бу жараёнда олимлар, талабалар алмашинувини янада кенгайтириш ниятидамиз.
Анжуман доирасида университетлар ўртасида мустаҳкам академик платформа шакллантириш, қўшма таълим дастурлари ва илмий тадқиқотларни кенгайтириш, академик мобилликни фаоллаштириш ҳамда таълим сифатини ошириш, университетларнинг халқаро майдондаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёни ягона билим ва инновациялар маконига айлантиришга қаратилган масалалар муҳокамаси бош мақсад ҳисобланади.
Конгрессда ижтимоий ва иқтисодий фанлар йўналишида жамият трансформацияси, сунъий интеллект этикаси ва иқтисодиётда катта маълумотлардан фойдаланиш масалалари, муҳандислик ва технологиялар йўналишида университет ва саноат ҳамкорлиги, “яшил” трансформация ҳамда илғор технологияларни жорий этиш, тиббиёт фанлари йўналишида рақамли тиббиёт, биомедицина ва персоналлаштирилган тиббиёт масалаларига бағишланган сессиялар ўтказилиши белгиланган.
Тадбир доирасида икки томонлама учрашувлар, B2B форматдаги мулоқотлар ва меморандумларни имзолаш маросимлари кўзда тутилган.
Конгрессда икки дипломли таълим дастурларини кенгайтириш, сунъий интеллект, биомедицина ва “яшил” технология соҳаларида қўшма тадқиқотлар олиб бориш, Erasmus+ ва Horizon Europe дастурларида иштирокни фаоллаштириш ҳамда университет ва саноат ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур халқаро анжуман Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида таълим, фан ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.
Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари