XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесида 30 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этади
Ўзбекистон Бадиий академиясида XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналесини ўтказишга тайёргарлик жараёнининг навбатдаги босқичига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Йиғилишнинг асосий кун тартибини биеннале тадбирларини белгиланган муддатларда, ягона ташкилий ёндашув асосида ва халқаро мезонларга мувофиқ ташкил этиш масалалари ташкил этди. Жумладан, биеннале экспозициялари жойлаштириладиган кўргазма залларининг техник ва ташкилий ҳолатини кўриб чиқиш, уларни кўргазмаларни қабул қилишга тайёрлаш, асарларни жойлаштириш ва намойиш этиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаш билан боғлиқ вазифалар белгиланди.

Тадбирда қайд этилганидек, мазкур нуфузли халқаро маданий тадбирда 30 дан ортиқ хорижий давлат вакиллари, мамлакатимизнинг таниқли санъаткорлари ва ижодкорлари иштирок этиши кутилмоқда. Биеннале доирасида замонавий тасвирий санъат кўргазмалари, бадиий лойиҳалар ҳамда халқаро анжуман ташкил этилиб, унда бугунги санъат жараёнлари, ижодий изланишлар ва турли маданиятлар ўртасидаги мулоқот намоён этилади.
Шунингдек, тадбирда экспозицияларнинг яхлитлиги, эстетик ечими ва ташриф буюрувчилар учун қулай муҳит яратилиши алоҳида назоратга олиниши қайд этилди. Хорижий давлатлардан ташриф буюрадиган ижодкорлар, мутахассислар ва меҳмонларни кутиб олиш, уларнинг ташрифи билан боғлиқ ташкилий жараёнларни мувофиқлаштириш, тадбирлар дастури доирасида ҳаракатланиши ва зарур шароитлар билан таъминланишини пухта йўлга қўйиш юзасидан ҳам тегишли вазифалар кўриб чиқилди.

Шу билан бирга, биеннале кунларида кўргазма залларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, ташриф буюрувчилар оқимини тартибга солиш, хавфсизлик ва хизмат кўрсатиш масалаларини таъминлаш, тадбирларнинг тасдиқланган дастур асосида узлуксиз ва тартибли ўтишини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Биенналенинг аудиториясини кенгайтириш, хусусан, ёшларни замонавий санъат жараёнларига фаол жалб этиш масаласига ҳам алоҳида аҳамият қаратилди. Ёш авлод вакилларининг кўргазмалар, бадиий лойиҳалар ва халқаро мулоқотларда иштирок этиши уларнинг замонавий санъат ҳақидаги тасаввурларини кенгайтириш, ижодий фикрлашини ривожлантириш ҳамда халқаро санъат муҳитидаги жараёнлар билан яқиндан танишишига хизмат қилиши таъкидланди.

Йиғилиш якунида биенналенинг ҳар бир йўналиши бўйича масъул ижрочиларнинг вазифалари аниқлаштирилиб, тайёргарлик ишларини белгиланган муддатларда якунлаш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва тадбирнинг ташкилий жиҳатдан пухта ўтказилишини таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар белгиланди.
Гулноза Бобоева,ЎзА