Тошкентда XI Халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади
12-16 октябрь кунлари пойтахтимизда “Воқеалар уфқи” мавзусида XI Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади.
Биеннале доирасида шаҳримиздаги машҳур музейлар ва галереяларда чет эл ва ўзбек рассомларининг асарлари намойиш этилади. Шунингдек, Самарқанд шаҳрига саёҳат уюштириш ҳам дастурга киритилган бўлиб, бу хорижлик меҳмонлар ва маданий туризм ихлосмандларига юртимизнинг бугунги санъати ва тарихий мероси билан танишиш имконини беради.
Тошкент халқаро биенналеси 2001 йилдан буён ҳар икки йилда бир марта ўтказилади. Навбатдаги форум инсониятнинг технологик ва маданий ўзгаришлар даврига бағишланади. Қадимги карвон йўллари чорраҳасида жойлашган Тошкент шаҳри, форум ғоясига кўра, умидлар макони, янги фикрлар маскани сифатида тақдим этилади.
Тадбирнинг тантанали очилиши 12 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади. Биеннале Тошкент фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ санъати миниатюраси музейи, Тасвирий санъат галереяси, Икуо Хираяма номидаги Халқаро маданият карвон саройида давом этади.
Дастур давомида бадиий тадбирлар, маҳорат дарслари ва халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилиши режалаштирилган. Мустақиллигимизнинг 35-йиллигига бағишланган «Чархпалак» кўргазмаси маданий тадбирнинг алоҳида воқеаси бўлади.
Маълумот учен, 2024 йилда бўлиб ўтган Х биенналеда 30 дан ортиқ мамлакатдан 40 нафардан зиёд чет эллик рассомлар ва маданият вакиллари иштирок этган эди.
Азиза Алимова, ЎзА