Виртуал оламдаги ҳақиқий хавф: Болалар ахборот хавфсизлигини таъминлаш - давр талаби
Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан юздан ортиқ республика медиа-ресурслари вакиллари учун “Рақамли даврда болаларнинг ахборот хавфсизлиги: ОАВ масъулияти, киберҳимоя ва этик мезонлар” мавзусида тренинг-интенсив шаклидаги махсус ўқув курси ташкил этилди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида назарда тутилган болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш, уларни зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш, ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш бўйича амалий кўникмаларни мустаҳкамлашга қаратилган.
UNICEF маълумотларига кўра, ҳар куни дунё бўйича 175 мингдан ортиқ бола биринчи марта интернет тармоғига киради. Интернет фойдаланувчиларининг қарийб учдан бир қисмини болалар ташкил этади. Рақамли муҳит болалар учун таълим, мулоқот ва ривожланиш имкониятларини кенгайтириши билан бирга, уларни турли ахборот хавфлари таъсирига ҳам дучор қилмоқда. Кибербуллинг, қимор ва букмекерлик хизматлари тарғиботи, наркотик моддалар рекламаси, зўравонлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи контентлар, манипулятив ахборот, ёлғон хабарлар ҳамда сунъий интеллект ёрдамида яратилаётган дипфейк материаллар болалар руҳияти ва маънавий тарбияси учун жиддий хавф туғдирмоқда.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, 2026 йилнинг I чорагида миллий ахборот маконидаги интернет ҳамда даврий босма нашрлар, телерадиоканаллар ҳамда нашриёт маҳсулотларида жами 636 та қонунга зид ҳолат, умумий ҳисобда эса 1068 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Ушбу ҳолатларнинг 312 таси “UZ” доменидаги веб-сайтларга, телевидение ва радио каналларга 296 таси, даврий босма нашрларга 4 таси, ҳамда 24 таси нашриётларга тўғри келмоқда. Телеканалларда қайд этилган қонунбузилишларнинг энг катта қисми ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш ва маркировка қилиш талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ.
– Болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишда ОАВ вакиллари, онлайн платформалар маъмурлари, журналистлар, блогерлар, экспертлар, педагоглар ва ота-оналарнинг умумий иштироки талаб этилади. Шу боис мазкур ўқув курси ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш бўйича мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлашга қаратилган, – дейди Инспекция бошлиғининг маслаҳатчиси Асаджон Хўжаев.

Уч кунлик ўқув курси давомида болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асослари, ахборот маҳсулотларини ёшга оид таснифлаш мезонлари, журналистик этика, болалар иштирокидаги материалларни ёритиш стандартлари, киберхавфсизлик, фактчекинг, визуал контентни текшириш, дипфейк ва манипулятив контентни аниқлаш усуллари бўйича назарий ва амалий билимларга эга бўладилар.
ЎзА