Рақамли муҳитда ахборот хавфсизлиги – долзарб вазифа
Бугун рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча жабҳаларига чуқур кириб бормоқда. Ахборот олиш ва тарқатиш имкониятлари кенгайгани сари интернет маконидаги хавф-хатарлар, ноқонуний контент, ёлғон ахборот, кибербуллинг ва болаларнинг ёшига мос бўлмаган маълумотлар таъсиридан ҳимоя қилиш масаласи ҳам долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу эса ахборот соҳасида қонунийликни таъминлаш, контент яратувчи ва тарқатувчиларнинг масъулиятини ошириш, энг муҳими, болалар учун хавфсиз рақамли муҳитни шакллантиришни тақозо этади.
Нурафшон шаҳридаги “Ёшлар маркази”да ўтказилган “Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” мавзусидаги ҳудудлараро ўқув-семинарда ана шу жиҳатлар атрофлича муҳокама қилинди.

Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси томонидан ташкил этилган тадбирдан кўзланган мақсад ахборот соҳасида давлат назоратини амалга оширишда қонунчилик талабларига риоя этиш, ахборот маконида ноқонуний контент тарқалишининг олдини олиш ҳамда болаларни зарарли ахборот таъсиридан ҳимоя қилиш бўйича масъул мутахассисларнинг билим ва кўникмаларини оширишдан иборат бўлди.

Семинарда Тошкент вилояти ҳокимлиги масъуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг мутахассислари қатнашди. Жараён гибрид шаклда ташкил этилиб, Тошкент вилояти вакиллари бевосита, Сирдарё вилояти иштирокчилари эса Zoom платформаси орқали масофавий тарзда қатнашди.
Таъкидланганидек, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши ахборотдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш билан бирга, унинг мазмуни ва тарқатилишини назорат қилиш борасида ҳам янги ёндашувларни талаб этмоқда. Айниқса, болаларнинг интернет ва ижтимоий тармоқлардан фаол фойдаланаётгани уларни зарарли ахборот, ахлоқсизлик тарғиботи, зўравонлик, кибербуллинг ва бошқа салбий таъсирлардан муҳофаза қилишни устувор вазифалардан бирига айлантирмоқда.

Халқаро ташкилотлар маълумотларига кўра, дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг қарийб учдан бир қисмини 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил этади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тадқиқотларида эса ўсмирларнинг 11 фоизида ижтимоий тармоқлардан муаммоли фойдаланиш белгилари кузатилгани қайд этилган. Бу рақамли муҳитда болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш ҳамда профилактик чораларни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.

– Миллий ахборот маконидаги мониторинг натижалари ҳам бу йўналишдаги назорат ва профилактика ишларини изчил давом эттириш муҳимлигини кўрсатмоқда, – дейди "Ўзкомназорат" инспекцияси бўлим бошлиғи Аслиддин Жўраев. – Ўтган даврда аниқланган ҳолатларнинг салмоқли қисми қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, ахлоқсизлик ва беҳаёлик тарғиботи, алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, наркотик моддалар рекламаси билан боғлиқ. Бу эса ҳар бир ахборот тарқатиш билан шуғулланувчидан амалдаги қонунчилик талабларига қатъий риоя этишни, эълон қилинаётган материалларнинг мазмунига масъулият билан ёндашишни талаб қилади.
Семинарда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошқарма бошлиғи Ғайрат Бозоров мазкур соҳада қонунийлик ва хавфсизликни таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Шундан сўнг рақамли авлодни тарбиялашда, хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш, болалар манфаатларини ҳимоя қилишда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти, кибермаконда қонун устуворлигини таъминлаш каби масалалар юзасидан маърузалар тингланди.

Мулоқотда оммавий ахборот воситаларининг ахборот маконидаги ўрни ва масъулиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раиси Раҳматилла Шералиев ҳамда Сирдарё вилояти бўлими раиси Файзулла Бободўстов болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишда босма оммавий ахборот воситаларининг ўрни ҳақида сўз юритди. Шу билан бирга, хавфсиз ахборот муҳитини яратишда телеканаллар ва бошқа медиа тузилмаларнинг масъулиятига ҳам тўхталиб ўтилди.
Дарҳақиқат, болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини яратиш фақат бирор идора ёки ташкилотнинг вазифаси эмас.
Бу жараёнда давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, рақамли платформалар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ота-оналарнинг ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Қонунчилик талабларига риоя этиш, ахборот тарқатишда масъулиятни ҳис қилиш, болаларнинг ёши ва психологик хусусиятларини инобатга олиш эса мазкур ҳамкорликнинг асосий мезонларидир.

Мазкур ҳудудлараро ўқув-семинар ҳам соҳа вакилларининг ўзаро тажриба алмашиши, ҳуқуқий билимларини мустаҳкамлаши ва ахборот маконидаги мавжуд муаммоларга комплекс ёндашувни шакллантиришга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.
А. Мусаев, ЎзА