VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида курашчимиз илк олтин медални қўлга киритди
Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари доирасида кураш бўйича мусобақалар ўтказилиб, унда Ўзбекистон делегацияси вакиллари ҳам муваффақиятли иштирок этди.
+90 килограмм вазн тоифасида 22 мамлакат спортчилари ғолиблик учун баҳс олиб борди. Ҳал қилувчи финал беллашувида Ўзбекистон вакили Нўмонжон Ражабов тажрибали эронлик спортчи, кураш бўйича Осиё ўйинларининг 19 карра ғолиби Содиқ Азароб устидан кичик устунлик билан ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди.

Шу тариқа, Нўмонжон Ражабов VI Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларида Ўзбекистон делегацияси учун курашдаги дастлабки олтин медални тақдим этди.
Шунингдек, туркман кураши бўйича ўтказилган баҳсларда яна бир спортчимиз Илёсбек Мирзаҳматов бронза медалини қўлга киритди.
Ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси спорт вазири маслаҳатчиси Шарифжон Мўминжонов иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА