VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларида спортчиларимизнинг медаллари 5 тага етди
Қирғизистонда VI Жаҳон кўчманчилар ўйинлари қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон спортчилари юқори натижаларни қайд этиб, медаллар шодасини бойитди.
Қирғизистон Республикасининг Иссиқкўл вилоятида ўтказилаётган VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг кечаги дастуридан кўк-бўру, от устида кураш, кўкпар, олиш, камондан отиш, от устида камондан отиш, мас-рестлинг, арқон тортиш, баҳодирлар ўйинлари ва сумо мусобақалари ўрин олди.
Унда терма жамоамиз аъзолари ҳам муваффақиятли иштирок этди. Жумладан, от устида кураш баҳсларида Нодирбек Абдурашидов, мас-рестлинг мусобақасида эса Чаросхон Эрманова (+75 кг) ҳамда Лазизбек Абдураҳмонов (+70 кг) совриндорлар сафидан жой олди.
Ҳамюртларимиз мусобақаларда учинчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистон делегацияси ҳисобига 3 та бронза медалини қўшиб қўйди.
Шу тариқа, 2 сентябрь кунги баҳслар якунига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобида 1 та олтин ва 4 та бронза, жами 5 та медаль мавжуд. Ўзбекистон медаллар жадвалида 4-ўринни эгаллаб турибди.
VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларида медаллар учун курашлар давом этмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА