
Айни кунларда Вена шаҳрида Ишлатиб бўлинган ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги бўйича Бирлашган Конвенциянинг навбатдаги Келишув томонлари 8-йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Унда Ўзбекистон Республикаси делегацияси ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси департамент бошлиғи ўринбосари Ойбек Муҳаммеджонов қуйидагиларни маълум қилди:
– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси бошчилигидаги “Ўзатом” агентлиги, ЎзФА Ядро физикаси институти ва “Навоийуран” давлат корхонаси вакилларидан иборат Ўзбекистон Республикаси делегацияси Вена шаҳрида ўтказилаётган Ишлатиб бўлинган ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш хавфсизлиги тўғрисидаги Бирлашган Конвенциянинг (1997 йил 5 сентябрь, Вена) навбатдаги Келишув томонлари 8-йиғилишида қатнашмоқда.
Шу йилнинг 17 март куни Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) штаб-квартирасида ўз ишини бошлаган мазкур йиғилишда Ўзбекистон ўзининг учинчи Миллий ҳисоботини тақдим этди. Бу ҳисобот мамлакатнинг ядро хавфсизлиги бўйича халқаро стандартларга содиқлигини тасдиқлайди. Ўзбекистон 2008 йилда мазкур Конвенцияга қўшилган бўлиб, 2009 йилдан расман унинг мажбуриятларини бажара бошлаган.

Таъкидлаш жоизки, Бирлашган Конвенция ишлатилган ядро ёқилғиси ва радиоактив чиқиндилар билан хавфсиз муомалада бўлиш ҳамда уларнинг ҳосил бўлишидан то йўқ қилинишгача бўлган жараёнда хавфсизликни таъминлаш бўйича глобал миқёсдаги ягона юридик мажбурий халқаро-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Миллий ҳисоботи Буюк Британия, Чехия, Канада, Украина, АҚШ, Россия Федерацияси, Хитой, Германия каби ядро энергетикаси соҳасида катта тажрибага эга мамлакатлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Ҳисоботда ишлатиб бўлинган ёқилғи ва радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш, радиациявий хавфсизлик, атом энергиясидан фойдаланиш ва ушбу соҳалардаги лицензиялаш масалаларига урғу берилди.
Ўзбекистон томонидан тақдим этилган маълумотлар орасида илмий тадқиқот реактори ИИН-3М “ФОТОН”дан суюқ ядро чиқиндиларини чиқариб юбориш бўйича амалга оширилган муваффақиятли ишлар ҳам бор. Шунингдек, Чоркесар ва Янгиобод каби илгарги уран конларида олиб борилаётган экологик қайта тиклаш ишлари ва келажакдаги хавфларни камайтиришга қаратилган ташаббуслар ҳам қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг ядро хавфсизлиги соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги ишларига ҳам эътибор қаратилди. Тошкент шаҳридаги “Москва муҳандислик-физика институти” миллий тадқиқот ядро университети филиали ва бошқа олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш дастурлари амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг мазкур халқаро конференцияда иштироки мамлакатнинг ядро хавфсизлиги бўйича халқаро ҳамжамиятга интеграция қилиниши йўлидаги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади. Бу эса давлатнинг ядро энергетикаси ва радиация хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга, шунингдек, ядро чиқиндилари билан боғлиқ хавфларни камайтиришга бўлган қатъий интилишини намоён этади.
Шунингдек, Ўзбекистоннинг Конвенциядаги иштироки ХАЭА ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу жараён радиация хавфсизлиги соҳасидаги янги тажрибаларни ўрганиш ва миллий қонунчиликни такомиллаштиришга ёрдам бериши кутилмоқда. Тақдим этилган ҳисобот ва муҳокамалардаги фаол иштирок эса мамлакатнинг ядро хавфсизлиги соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ иш олиб боришга тайёрлигини тасдиқлайди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур йиғилиш 28 март куни ўз ишини якунлайди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА