Ўзбекистон GRC минтақавий йиғилишида илк бор ҳамкор ташкилотчи сифатида иштирок этади
2026 йил 30 ноябрь - 2 декабрь кунлари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида “Global Research Council” (GRC) - Глобал тадқиқот кенгашининг Осиё-Тинч океани минтақавий йиғилиши бўлиб ўтади.
Мазкур тадбирда Марказий Осиёдан илк бор Ўзбекистон ҳамкор ташкилот сифатида иштирок этади. Мамлакатимиз номидан Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамташкилотчи сифатида жалб этилган.
Бу ҳақда Инновацион ривожланиш агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фарҳод Қудратов маълум қилди:
– Бу мамлакатимизнинг халқаро илмий ҳамжамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, миллий илмий молиялаштириш тизимини глобал тажриба билан уйғунлаштириш ва ўзбек олимларининг халқаро тадқиқотлар майдонидаги имкониятларини кенгайтириш йўлидаги муҳим қадам.
Йиғилишда Осиё ва Тинч океани минтақаси мамлакатларининг миллий илмий фондлари раҳбарлари, грант ажратувчи ташкилотлар вакиллари ҳамда халқаро экспертлар иштирок этади.
Тадбир Корея Республикаси Миллий тадқиқот жамғармаси (NRF Korea) ва Ўзбекистон Инновацион ривожланиш агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилмоқда. Бу ҳақдаги қарор 2026 йил май ойида Таиланднинг Бангкок шаҳрида ўтказилган GRCнинг 14-йиллик йиғилишида маъқулланган.
GRC 2012 йилда ташкил этилган халқаро платформа бўлиб, илмий тадқиқотларни молиялаштирувчи миллий ташкилотлар раҳбарларини бирлаштиради. Унинг асосий мақсади илмий молиялаштириш бўйича тажриба алмашиш, тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштириш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат. Кенгашнинг минтақавий йиғилишларида билдирилган таклиф ва тавсиялар кейинги глобал йиғилишлар кун тартибини шакллантиришда ҳам инобатга олинади.
Ўзбекистоннинг мазкур тадбирдаги иштироки мамлакатимиз учун янги имкониятлар очади. Хусусан, етакчи халқаро илмий ташкилотлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, қўшма грант дастурлари ва тадқиқот лойиҳаларини йўлга қўйиш, илмий молиялаштиришнинг илғор тажрибаларини ўзлаштириш имконияти кенгаяди.
Шунингдек, ўзбек олимларининг хорижий тадқиқот марказлари билан ҳамкорлиги, халқаро илмий консорциумларда иштироки ва илмий ишланмаларини жаҳон майдонида тақдим этиш имкониятлари ортади. Бу жараён ёш олимлар ва янги илмий жамоалар учун ҳам муҳим истиқболлар яратади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистоннинг GRC доирасидаги иштироки Сеулдаги йиғилиш билан бошлангани йўқ. 2026 йил май ойида Бангкокда ўтказилган 14-йиллик йиғилишда Инновацион ривожланиш агентлиги вакили “Research for Sustainable Communities” мавзусидаги муҳокама сессиясига модераторлик қилган. Унда илм-фан ва инновацияларнинг долзарб муаммоларни ҳал этишдаги ўрни, сунъий интеллектдан фойдаланиш ва очиқ илм-фан масалалари муҳокама қилинган. Айнан шу йиғилишда агентликнинг Сеулдаги тадбирни ташкил этишда ҳамкор сифатида иштирок этиши маъқулланган.
Бундан ташқари, 2026 йил октябрь ойида агентлик делегациясининг Корея Республикасига ташрифи давомида NRF Korea Халқаро алоқаларни мувофиқлаштириш бошқармаси директори Ҳаисо Ким билан учрашув ўтказилиб, тадбир дастури ва ташкилий масалалар муҳокама қилинган.
Умуман, Ўзбекистоннинг GRC минтақавий йиғилишида ҳамташкилотчи сифатида иштирок этиши мамлакатимиз илмий дипломатиясида муҳим қадам бўлиб, миллий илм-фанни халқаро майдонга интеграция қилиш, олимлар учун янги ҳамкорлик имкониятларини яратиш ва илмий тадқиқотлар сифатини оширишга хизмат қилади.
Насиба Зиёдуллаева,
ЎзА