Тошкент шаҳрида велоспортнинг трек йўналиши бўйича эркаклар ва аёллар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилди.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳри терма жамоалари ғолиблик учун баҳс олиб борган мусобақада илк бор пара-велоспортчилар ҳам иштирок этди. Якунда маҳоратли спортчилар саралаб олинди. Бундан кўзланган мақсад Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси билан ҳамкорликда Париж-2024 Паралимпия ўйинлари йўлланмалари учун кураш олиб бориш кўзда тутилган.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия ассоциацияси, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси, Спортнинг қишки ва мураккаб техник турлари бўйича республика олий спорт маҳорати мактаби ҳамда қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ташкил этилган мазкур чемпионатда эркаклар ўртасида Данил Евдокимов, Алексей Фомовский, аёллар ўртасида эса Янина Кускова ҳамда Маргарита Мисюрина бош соврин соҳиблари бўлишди.
Шунингдек, Анна Куликова, Янина Кускова ҳамда Никита Стенковой спорт устаси талабларини ҳам бажаришди.
Ойбек ЮНУСОВ, ЎзА