Вазир ва ёшлар учрашуви
Олимпия шаҳарчасида жойлашган Спорт вазирлиги биносида "Пайшанба – ёшлар куни" доирасида спорт вазири Адҳам Икрамов иштирокида ёшлар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди. Учрашувда ёшларнинг ҳар бир мурожаат ва таклифлари атрофлича ўрганилди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича республика комиссиясининг тегишли баёнига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси спорт вазири Адҳам Икромовга Тошкент шаҳар Яшнобод туманидаги 27 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 49 нафар ишсиз ёшлар бириктирилган бўлиб, вазир бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳар бир ёшнинг ижтимоий ҳолати ва бандлик масалалари тўлиқ хатловдан ўтказилди.


Хусусан, ишлаш истагида бўлган 21 нафар ёшнинг бандлигини таъминлаш, норасмий ишлаётган ёшлар фаолиятини легаллаштириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик ва спорт соҳасидаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш бўйича масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.

Учрашувдан сўнг, учрашув иштирокчилари Олимпия шаҳарчасининг замонавий спорт инфратузилмаси билан яқиндан танишиб, мажмуаларда яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирди.
Г.Бобоева, ЎзА