Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов Сирдарё вилоятига амалий ташриф буюриб, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Аброр Хидиров ҳамроҳлигида пахта терими жараёнлари билан танишди.
Вазир Сардоба ва Оқолтин туманларида бўлиб, далаларда қўлланилаётган замонавий технологиялар самарасини кўздан кечирди.

Сардобадаги “Индорама Агро” МЧЖ 12 минг гектардан зиёд ер майдонида фаолият юритмоқда. Шунинг ярмидан кўпроғига пахта, қолган қисмига ғалла экилган. Бу ерда 6 турдаги пахта нави тажриба тариқасида парваришланиб, ҳар йили янгиланиб боради. Кластер ишлаб чиқариш бўлими менежери Нетин Санжикумарнинг таъкидлашича, ҳозирда 68 та “John Deere” техникаси ишга жалб этилган. Механизация даражаси юқорилиги сабабли бир кунда 150 тоннагача пахта йиғиб олиш имконияти мавжуд. Ҳар бири 2 тоннадан иборат ўрамлар тўғридан-тўғри қабул масканларига етказилмоқда.

Далалардаги тартиб, ҳосилнинг сифатли ва тоза бўлиши агротехник тадбирларнинг пухта ташкил этилганидан далолат беради. Десикация ва дефолиация ишлари ўз вақтида амалга оширилгани боис ҳосилда йўқотишлар йўқ. Шу жиҳатдан “Тоза даладан — тоза пахта” шиори бу ерда ҳаётий ҳақиқатга айланган.

Кластернинг яна бир муҳим йўналиши — сув ресурсларидан тежамкор фойдаланишдир. Австралия тажрибаси асосида жорий этилган нишаб усули ва лазер билан текисланган майдонлар орқали сув бир маромда етказиб берилди. Шунингдек, томчилатиб суғориш тизими орқали ўғит ҳам бевосита ғўза илдизига узатилди. Бу эса ҳосилдорликнинг сезиларли ошишига замин яратди.

Оқолтин туманидаги “Бобур қишлоқ хўжалиги” кластери ҳам вазир диққат марказида бўлди. 7 минг гектар ер майдонига эга ушбу хўжаликда хориждан келтирилган пахта нави 20 гектарда 76х10 схема асосида экилганди. Шу билан бирга, маҳаллий “Султон” нави учун махсус ҳимоя майдонлари ташкил этилди. Экинлар қўшқатор усулида плёнка остига жойлаштирилиб, суғориш ва озиқлантириш ишлари методик қўлланмалар асосида амалга оширилди. Натижада ҳар гектардан 50–55 сентнер ҳосил олиниши кутилмоқда.
“Бобур қишлоқ хўжалиги” кластери раҳбари Шавкат Муқимов таъкидлаганидек, вазир ташрифи жойларда пахтакорларга янги куч ва кўтаринки кайфият бағишлади.
– Ҳозирги шароитда пахтачиликда механизация, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, янги навлар синови ва агротехнологияларнинг тўғри қўлланилиши энг долзарб масалалардан ҳисобланади. Ташриф жараёнида шу йўналишлардаги натижалар таҳлил қилинди, қатор вазифалар белгиланди. Бу эса ҳосилдорликни ошириш, деҳқонлар даромадини кўпайтириш ҳамда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, — деди кластер раҳбари.
И. Абдураҳмонов кластерларда амалга оширилаётган ишларга юқори баҳо берди. У келгуси мавсумларда бундай тажрибаларни янада кенгайтириш, йиғим-терим жараёнларида эса масъулият ва эътиборни кучайтириш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, ўсимликларни озиқлантириш ва ҳосилдорликни янада ошириш юзасидан қатор тавсиялар берди.
Ғулом Примов, ЎзА