Инсон қадрини улуғлаш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бош мезонга айланди
Пойтахтимиздаги «Чинобод плаза» санаторийсининг Мажлислар залида 11 ноябрь – Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда касаба уюшмалари тизимида амалга оширилган ижтимоий лойиҳалар, кўрик-танловлар ва турли ташаббуслар ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, ҳудудий ва тармоқ кенгашлари вакиллари, тизим ташкилотлари мутасаддилари, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан ташриф буюрган касаба уюшма фаоллари, меҳнат фахрийлари ҳамда танлов ғолиблари иштирок этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов тадбир иштирокчиларини байрам билан табриклаб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, меҳнаткашлар учун муносиб шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг аҳамияти хусусида сўз юритди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мамлакатимиздаги энг йирик жамоат ташкилотларидан бири сифатида миллионлаб меҳнаткашларни бирлаштириб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш йўлида изчил фаолият олиб бормоқда. Бу эса тизим зиммасига катта масъулият юклайди.
Давлатимиз раҳбарининг «Кучли касаба уюшмалари – кучли жамият асосидир!» деган ҳаётий тамойили бугунги фаолиятнинг муҳим мезонига айланган. Зеро, кучли касаба уюшмалари, аввало, бошланғич ташкилотлардан бошланади. Айнан шу қуйи бўғин ходимлар билан бевосита мулоқотда бўлиб, уларнинг муаммо ва эҳтиёжларини ўрганади, қонуний манфаатларини ҳимоя қилади ҳамда меҳнат жамоаларида ижтимоий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
[gallery-32443]
Бугун Янги Ўзбекистоннинг янги касаба уюшмалари ижтимоий шериклик ва очиқ мулоқот тамойиллари асосида меҳнаткашларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан бирга, аҳоли фаровонлигини ошириш, бандликни таъминлаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. Давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларининг янги босқичга кўтарилгани бу борадаги ҳамкорлик самарасининг яққол ифодасидир.
Федерациянинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялашдаги фаолияти ҳам салмоқли натижаларга асосланган. Ходимларнинг бузилган меҳнат ҳуқуқларини тиклаш, иш жойига қайта тиклаш, иш ҳақи ва бошқа тўловларни ундириб бериш, меҳнат муҳофазасига оид камчиликларни бартараф этиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва гендер тенглигини таъминлашга оид тадбирлар ҳам изчил давом эттирилмоқда.
Ижтимоий ҳимоя, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва оилавий фаровонликни қўллаб-қувватлаш ҳам касаба уюшмалари фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Хусусан, санаторийларда меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзоларини соғломлаштириш, кексалар ва меҳнат фахрийларига ғамхўрлик кўрсатиш, болаларнинг мазмунли дам олишини ташкил этиш, юртимизнинг диққатга сазовор масканларига саёҳатлар уюштиришга катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, «Аёллар дафтари» билан ишлаш доирасида хотин-қизларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ўрганилиб, уларга амалий кўмак берилмоқда. Опа-сингилларимизнинг бандлиги таъминланиб, ижтимоий қўллаб-қувватланмоқда. Бу жараёнда касаба уюшмалари давлат идоралари ва аҳоли ўртасида ишончли ижтимоий ҳамкор сифатида фаол иштирок этмоқда.
Тадбирда меҳнат соҳасидаги муҳим ислоҳотлар, жумладан, мажбурий меҳнатга барҳам бериш, пахтачилик тизимини тубдан янгилаш юзасидан эришилган натижалар ҳам алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, касаба уюшмалари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, бошланғич ташкилотлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, қуйи бўғин раҳбарларининг билим ва малакасини юксалтириш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди.
Байрам тадбирининг энг эътиборли ва қувончли лаҳзалари меҳнатда фидойилик, ташаббускорлик ва юксак натижалар кўрсатаётган инсонларни тақдирлаш маросими билан боғлиқ бўлди.
Хусусан, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият ва спорт соҳаларини ривожлантиришга, касаба уюшмалари ҳаракати нуфузини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган юртдошларимизга «Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси лауреати» мукофоти топширилди. Ушбу юксак эътирофга миллий адабиётимиз ва маданиятимиз ривожига улкан ҳисса қўшган, Ўзбекистон халқ ёзувчиси, атоқли адиб ва жамоат арбоби марҳум Одил Ёқубов ҳамда меҳнати билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган бошқа юртдошларимиз ҳам лойиқ кўрилдилар.
Шунингдек, мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида фаоллик кўрсатаётган бир гуруҳ фидойи инсонлар Федерациянинг «Эҳтиром» нишони ҳамда «Фахрий ёрлиғи» билан тақдирландилар.
Санаторийлар фаолиятини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш ва дам олувчилар учун қулай шароитлар яратишга ҳисса қўшаётган ходимлар «Энг яхши санаторий», «Энг яхши шифокор», «Энг яхши ҳамшира», «Энг яхши супервайзер», «Энг яхши бош ошпаз» ва «Энг яхши маданият тарғиботчиси» номинациялари бўйича тақдирландилар.
Бунёдкорлик соҳасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассислар ҳам эътибордан четда қолмади. «Энг яхши техник назоратчи», «Энг яхши муҳандис», «Энг яхши лойиҳачи», «Яшил макон фидойиси», «Энг яхши қурувчи», «Энг яхши қурилиш ташкилоти раҳбари», «Энг намунали қурилиш ходими» ва «Энг яхши дизайнер» номинациялари ғолиблари муносиб рағбатлантирилди.
Спорт йўналишида халқаро мусобақаларда юксак натижаларга эришган спортчилар ҳамда уларни тайёрлаган мураббийлар «Энг яхши спортчи» ва «Энг яхши мураббий» номинациялари бўйича тақдирландилар.
Шунингдек, меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш, экологик маданиятни юксалтириш, меҳнат ҳуқуқлари борасида билим ва тажрибаси билан намуна кўрсатишга қаратилган республика кўрик-танловлари ғолиблари ҳам эътироф этилди.
Болалар соғломлаштириш оромгоҳлари ўртасидаги танловда энг яхши оромгоҳлар, тарбиячилар, етакчилар ва тўгарак раҳбарлари тақдирланди. Таълим, журналистика ва касаба уюшмалари фаолиятида алоҳида ташаббус кўрсатган юртдошларимиз ҳам муносиб рағбатлантирилди.
«Касаба ишончи» онлайн танлови доирасида эса фаол аёл раисалар, намунали ҳудудий ва тармоқ кенгашлари, бошланғич касаба уюшмалари, тарғиботчилар ҳамда касаба уюшмалари ҳаракати фидойилари тақдирландилар. Барча ғолибларга Федерация дипломлари ва эсдалик совғалари топширилди.
Байрам тадбири доирасида иштирокчилар учун Касаба уюшмалари саройида Маҳмудхўжа Беҳбудий асари асосида замонавий талқинда саҳналаштирилган «Падаркуш» спектакли ҳам намойиш этилди.
Байрам муносабати билан ўтказилган ушбу тантана меҳнаткашлар манфаатлари йўлида фидокорона меҳнат қилаётган инсонларга юксак эҳтиром ифодаси бўлди.
Назокат Усмонова,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА мухбирлари