
Спорт вазири Адҳам Икромов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ Сирдарёда бўлиб, Сирдарё вилоят ҳокими ўринбосари Бекзод Исматов, вилоят спорт, мактабгача ва мактаб таълими бошқармалари бошлиқлари ҳамроҳлигида Гулистон шаҳри, Мирзаобод, Сардоба туманларидаги спорт муассасаларида бўлиб, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.
Мирзаобод туманида масъуллар иштирокида ўтказилаётган спорт машғулотларини кузатди, спортчилар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилиб, муаммолар ўрганилди. Шундан сўнг тумандаги 17-сонли умумтаълим мактабида жисмоний тарбия фани ўқитувчилари билан очиқ ва самимий учрашув ўтказилди.

Спорт соҳасини рақамлаштириш, амалиётга жорий этилган Face-ID тизимининг спортчилар давоматини юритишдаги афзалликлари тўғрисида фикрлар билдирилди.
Ушбу тизим ишга тушмасдан олдин спортчиларнинг давоматини юритиш учун кўп вақт талаб этилган бўлса, эндиликда йўқламага 4-5 дақиқа вақт сарфланаётгани, спортчиларнинг шахси биометрик сканерлаш йўли орқали аниқланиб, шаффофлик ва ҳаққонийликни таъминлашга хизмат қилаётганлиги қайд этилди.

Сардоба туманидаги спорт мактабида спорт турлари билан шуғулланаётган ёш спортчилар учун яратилган шароит, машғулотлар жараёни, қишга тайёргарлик, давлат дастури доирасида қурилаётган универсал спорт залининг қурилиш жараёни, "Қуйитош", "Бўстон", "Равот" маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида жойлашган 4,6,15-умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия фани дарсларининг ўтилиши, мактаб спорт иншоотларининг ҳолати билан танишилди. Муаммолар тингланиб, баъзи масалалар шу ернинг ўзида ҳал қилинди.

Вазир Гулистон олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида бўлиб, янгидан ташкил этилган кутубхона, тиббиёт бўлими ҳамда спорт иншоотларини кўздан кечирди, амалга оширилган ишлар билан танишиб, Сирдарёда спорт соҳасини ривожлантириш бўйича таклифларини айтди.

–Спорт вазири Сирдарёга ташрифи давомида ёшларни спортга жалб этиш, спорт турларини оммалаштириш, ёшлар ўртасида мунтазам равишда спорт мусобақаларини ташкил этиш, улар иқтидорини юзага чиқариш борасида Юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизда кўплаб ишлар амалга оширилганини, энг муҳими, ёш, бўлғуси чемпионлар учун муносиб шарт-шароитлар яратилганини алоҳида қайд этиб, сирдарёлик соҳа ходимларига спорт соҳасига эътиборсиз бўлмай, масъулият билан ёндашиш зарурлиги ҳақида тавсия ва кўрсатмалар берди,–деди Сирдарё вилояти спорт бошқармаси бошлиғи Анвар Бўронов.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири