Суперлигада чемпионлик учун кураш авжида
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 28-тур учрашувлари якунланди. Тур натижаларига кўра, «Нефтчи» мусобақа жадвалидаги пешқадамлигини сақлаб қолди. Бироқ, «Пахтакор» ва «Навбаҳор» ҳам чемпионлик учун курашни давом эттирмоқда.
28-турнинг илк учрашуви «Сурхон» ва «Андижон» жамоалари ўртасида кечди. Унда ҳисоб очилмади — 0:0. Кейинги куни «Қизилқум» сафарда ОКМК клубини 1:0 ҳисобида енгди. «Локомотив» эса ўз майдонида «Пахтакор»дан 2:1 ҳисобида устун келди.
Турнинг энг кўп мухлис ташриф буюрган учрашуви Намангандаги «Марказий» стадионда ўтказилди. Унда «Навбаҳор» мусобақанинг амалдаги чемпиони ва айни пайтда жадвал пешқадами бўлиб турган «Нефтчи»ни 3:2 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур баҳсни 26 мингдан зиёд томошабин стадиондан кузатди.

21 ноябрь куни «Сўғдиёна» сафарда «Қўқон-1912»ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. «Насаф» эса Қаршида «Машъал»дан 2:0 ҳисобида устун келди. «Хоразм» ва «Бухоро» жамоалари ўртасидаги баҳсда ғолиб аниқланмади — 0:0. Турнинг сўнгги учрашувида «Бунёдкор» сафарда «Динамо»ни 1:0 ҳисобида енгди.
Ушбу тур натижаларидан сўнг «Нефтчи» 64 очко билан мусобақа жадвалида пешқадамлик қилмоқда. «Пахтакор» 59 очко билан иккинчи, «Навбаҳор» эса 58 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Демак, чемпионлик учун курашда Фарғона жамоаси беш очколик устунликка эга бўлса-да, пойтахт ва Наманган клубларининг ҳам имконияти сақланиб қолмоқда.
«Насаф» 48 очко билан тўртинчи, «Локомотив» 46 очко билан бешинчи ўринни эгаллаган. Кейинги поғоналардан ОКМК — 45, «Бухоро» — 43, «Қизилқум» — 38, «Динамо» — 37, «Сўғдиёна» — 33 очко билан жой олган. «Сурхон» ва «Андижон» 32 очкодан жамғарган. «Бунёдкор» 29, «Хоразм» 27, «Қўқон-1912» 24 очко билан қуйи ўринларда бормоқда. «Машъал» эса 5 очко билан жадвалнинг сўнгги поғонасини эгаллаган.

Суперлиганинг 29-тур учрашувлари 27–29 ноябрь кунлари ўтказилади. 27 ноябрь куни «Қўқон-1912» — «Хоразм» ва «Бухоро» — «Машъал» баҳслари бўлиб ўтади.
28 ноябрь куни «Нефтчи» ўз майдонида «Динамо»ни қабул қилади. Шу куни «Қизилқум» ва «Пахтакор» ҳам ўзаро баҳс олиб боради. 29 ноябрь куни эса «Сурхон» — «Локомотив», «Насаф» — ОКМК, «Андижон» — «Бунёдкор» ва «Сўғдиёна» — «Навбаҳор» учрашувлари ўтказилади.
Тўпурарлар пойгасида «Сўғдиёна» ҳужумчиси Люпчо Дориев ва «Локомотив» вакили Темурхўжа Абдухолиқов 15 тадан гол билан пешқадамлик қилмоқда. «Нефтчи» ҳужумчиси Стипе Перица 14 та гол билан учинчи ўринда бормоқда. «Динамо» футболчиси Анваржон Ҳожимирзаев 12 та, «Пахтакор» аъзоси Достонбек Ҳамдамов эса 11 та гол муаллифи бўлган.
Шунингдек, Ҳусайн Норчаев («Навбаҳор»), Стефен Чинеду («Пахтакор»), Шерзод Эсанов («Бухоро») ва Бобур Абдухолиқов («Насаф») ҳисобида 10 тадан гол мавжуд.

Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА