Симоне Инзаги: "Нефтчи" "Ал-Ҳилол"га жиддий муаммолар туғдириши мумкин
Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичининг 5-туридан ўрин олган учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Инзаги билан бирга саудияликлар ярим ҳимоячиси Муҳаммад Канно ҳам иштирок этди.
Саудия Арабистонининг "Ал-Ҳилол" клуби бош мураббийи Симоне Инзаги Фарғонада "Нефтчи"га қарши кечадиган учрашув осон бўлмаслигини таъкидлади. Италиялик мутахассис мезбонларнинг имкониятларини юқори баҳолаб, жамоаси муҳим баҳсга жиддий тайёргарлик кўрганини билдирди.
Осиё Чемпионлар лигаси Элит босқичининг 5-туридан ўрин олган учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида Инзаги билан бирга саудияликлар ярим ҳимоячиси Муҳаммад Канно ҳам иштирок этди.
Инзаги "Нефтчи"нинг аввалги ўйинларига баҳо берди
"Ал-Ҳилол" устози Фарғона клубининг "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Насср"га қарши баҳсларини кузатганини айтди. Унинг фикрича, "Нефтчи" ҳар иккала учрашувда ҳам кўрсатган ўйини билан мағлубиятдан яхшироқ натижага лойиқ бўлган.
"Рақибимизни батафсил ўргандик. "Нефтчи" яхши шаклланган, кучли жамоа. Улар "Ал-Иттиҳод" ва "Ал-Насср"га қарши юқори савиядаги ўйинларни ўтказди. Шу сабабли Фарғонадаги учрашувга пухта ҳозирлик кўрдик", деди Инзаги.
Италиялик мутахассис Ўзбекистон футболи ҳақида ҳам илиқ фикр билдирди. У ўтган мавсум Қаршида "Насаф" устидан қозонилган 3:2 ҳисобидаги ғалабани эслаб, ўша беллашув саудияликлар учун мураккаб кечганини таъкидлади.
Шунингдек, Инзаги "Нефтчи" ва "Пахтакор"нинг жорий мавсумдаги халқаро иштирокини эътироф этди. Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Фабио Каннаваро бошчилигидаги ривожланишига ҳам ижобий баҳо берди.
"Ал-Ҳилол" таркибида ўзгаришлар бўлиши мумкин
Матбуот анжуманида меҳмонларнинг Фарғонага оптимал таркиб билан тушиши масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Инзаги айрим футболчилар миллий терма жамоалар йиғинидан жисмоний муаммолар билан қайтганини маълум қилди. Хусусан, Маҳзарий ва Мандаш Риёдда қолган.
Мураббийнинг тушунтиришича, асосий таркиб бугунги машғулотдан кейин футболчиларнинг ҳолати ва тайёргарлик даражасидан келиб чиқиб аниқланади.
"Кўплаб футболчиларимиз миллий терма жамоалар сафида иккита юқори шиддатли учрашувда қатнашди. Энди уларнинг жисмоний ҳолати ва чарчоқ даражасини ҳисобга олишимиз зарур. Асосий таркибни мураббийлар штаби билан маслаҳатлашиб танлаймиз", деди у.
Шу тариқа, "Ал-Ҳилол"нинг 20 кундан ортиқ вақт давомида клуб миқёсида учрашув ўтказмагани футболчиларнинг барчаси ўйин амалиётисиз қолганини англатмайди.
Инзаги Ўзбекистондаги сафар ўйинлари нега қийин кечишини тушунтирди
Саудия Арабистони клублари ўз майдонида эришадиган устунликни сафар баҳсларида такрорлашга қийналиши ҳақидаги саволга ҳам италиялик мутахассис жавоб берди.
Унинг фикрича, бу ҳолат Осиё футболидаги рақобатнинг юқорилиги ҳамда мезбон жамоаларнинг ўз стадионидаги қулайликлари билан боғлиқ.
"Европада ҳам, Осиёда ҳам сафарда ғалаба қозониш осон эмас. Бу ерда кучли жамоалар кўп. Саудия Арабистони чемпионати ҳам, Осиё Чемпионлар лигаси ҳам юқори савияда ташкил этилади", деди Инзаги.
Мураббий "Ал-Ҳилол"нинг ўз майдонидаги натижаларида мухлисларнинг қўллаб-қувватлаши муҳим аҳамиятга эгалигини ҳам қайд этди.
Муҳаммад Канно Ўзбекистон билан ўйинни эслади
"Ал-Ҳилол" ярим ҳимоячиси Муҳаммад Канно ҳам Фарғона клубига қарши баҳс катта масъулият талаб қилишини билдирди.
Яқинда Саудия Арабистони терма жамоаси сафида Ўзбекистонга қарши майдонга тушган футболчи икки жамоанинг ўйин услубларини солиштириш ҳақидаги саволга жавоб берди.
Каннонинг фикрича, "Нефтчи" ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам кучли рақиблар сирасига киради. Бироқ клуб ва терма жамоанинг тактик ёндашувлари сезиларли фарқ қилади.
Саудия Арабистони футболчиси Ўзбекистонга қарши учрашувдаги қизил карточка жамоасининг вазифасини мураккаблаштирганини ҳам эслади.
"Биз "Нефтчи"нинг ўйинларини ўргандик. Бу кучли ва муносиб рақиб. Мураббийимиз белгилаган тактик кўрсатмаларга амал қилиб, "Ал-Ҳилол" номига мос савияда ўйнашга ҳаракат қиламиз", деди Канно.