“Вазир кубоги” спорт ва ҳамжиҳатлик байрамига айланди
Қашқадарё вилоятида умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари педагог ходималари ўртасида волейбол бўйича “Вазир кубоги” мусобақаси юқори савияда ташкил этилиб, кўтаринки кайфиятда якунланди.
Мусобақанинг туман ва шаҳар босқичларида 1 минг 500 дан ортиқ жамоа иштирок этиб, мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари кесимида 12 мингдан зиёд педагог қамраб олинди. Бу эса таълим тизимида спортга бўлган қизиқиш, соғлом турмуш тарзига эътибор ҳамда жамоавий муҳитни мустаҳкамлашга интилиш тобора кучайиб бораётганини кўрсатди.
Ҳудудий босқичларда сараланган 16 та жамоа вилоят босқичида ўзаро беллашди. Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар давомида иштирокчилар нафақат спорт маҳоратини, балки аҳиллик, жамоавийлик ва ғалабага интилиш фазилатларини ҳам намоён этди.
[gallery-29371]
Якуний натижаларга кўра, Қарши тумани 49-мактаб жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Касби тумани 22-мактаб жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Қарши шаҳридаги 11-мактаб жамоаси эгаллади.
Ғолиб ва совриндор жамоаларга диплом, кубок ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари