Вазир кубоги Наманганда қолди
Наманганда қизғин ва муросасиз кечган волейбол бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасининг республика босқичи ниҳоясига етди.
Умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган устоз-педагог аёл-қизлар ўртасида ўтказилган ушбу мусобақада Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридан сараланган 14 та жамоа ғолиблик учун куч синашди.
Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида ўтказилган мусобақанинг ярим финал баҳсларида Самарқанд вилоятининг Ургут туманидаги 63-мактаб жамоасини икки партияда мағлубиятга учратган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги 16-мактаб ҳамда Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги 22-мактаб жамоасини 2:1 ҳисобида таслим этган Навоий шаҳридаги 11-мактаб жамоалари ҳал қилувчи ўйинда майдонга тушди.
Финал учрашувини таниқли спорт журналисти, “Дўстлик” ордени соҳиби Мирзаҳаким Тўхтамирзаев шарҳлаб боргани томошабинлар ҳамда ўйинчиларнинг шавқини оширди.
Ҳал қилувчи ўйинда маҳорат, интилиш, чаққонлик ва тажриба бобида устунликка эришган мезбонлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Натижада, икки партияда ҳам навоийликларни енгган наманганлик волейболчилар вазир кубогини қўлга киритди.
Финалда мағлубият аламини тотиб кўрган навоийлик педагоглар фахрли иккинчи ўринни эгаллади. Мусобақанинг учинчи ўрни учун кечган учрашувда самарқандликларни 2:0 ҳисобида доғда қолдирган Жиззах вилояти жамоаси ҳам шоҳсупадан жой олди.
Мусобақанинг ғолиб ва совриндорлари ташкилотчилар томонидан муносиб равишда рағбатлантирилди. Тантанали тақдирлаш маросимида республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Каримов, Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, генерал-майор Рустам Жўраев, Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров “Вазир кубоги” – ўзбек аёлининг матонати муаллималарнинг нафақат таълимда, балки соғлом турмуш тарзида ҳам ғайратли эканлигини алоҳида эътироф этди.
Дарҳақиқат, мусобақа жараёнларини кузатиш асносида майдонда тўп сураётган хотин-қизларнинг қатъий иродаси ва жамоавий бирдамлигига амин бўлдик. Уларни қўллаб-қувватлаш учун келган турмуш ўртоқлари, ота-оналари ва фарзандларини кўриш эса янада таъсирлантирди. Бу ўз навбатида, ўзбек аёлининг ҳар қандай соҳада қанчалик матонатли ҳамда жамиятимиз учун муносиб ўрнак бўла олишини амалда кўрсатди.
[gallery-30255]
– Наманганда “Вазир кубоги” биз кутганда аъло даражада ташкилланибди. Нафақат мусобақа, балки вилоятнинг диққатга сазовор жойлари ва тарихий масканлари бўйлаб уюштирилган экскурсия давомида завқ билан маданий ҳордик чиқардик, – дейди Жиззах вилояти волейбол жамоаси сардори, Арнасой туманидаги 22-мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Муҳайё Низомова. – Очиғини айтадиган бўлсак, бир йиллик фаолиятимиз учун берилган меҳнат таътилимизда икки йиллик чарчоқларимиз чиқди. Биз педагоглар ўзаро бирдамлик ва тажриба алмашинувимизга хизмат қилувчи бундай мусобақаларни бардавом бўлишини истаймиз.
Вазир кубогининг биринчи, иккинчи ва учинчи ўрин соҳиблари мос равишда 150, 100 ва 70 миллион сўм пул мукофотлари билан тақдирланди. Шунингдек, совриндор жамоаларга “Дамас” автомашинаси тақдим этилди. Қолаверса, мусобақанинг финал босқичида фаоллик кўрсатган жамоалар ҳамда ўйинчиларга турли номинациялар бўйича қимматбаҳо совғалар топширилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА