Устозларни бирлаштирган мусобақа
Наманганда юртимиз умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида спортнинг волейбол тури бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” мусобақасига старт берилди.
Мамлакатимиз миқёсидаги уч босқичли вазир кубоги мусобақасининг ҳал қилувчи финал босқичи Янги Наманган туманидаги “Паҳлавон” спорт мажмуасида ташкил этилиб, унда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳридан сараланган 14 та жамоа ғолиблик учун ўзаро куч синашмоқда.

Мусобақа бошланишидан аввал, иштирокчи жамоалар Наманган вилоятининг тарихий зиёратгоҳлари ва диққатга сазовор жойларида бўлди. Хусусан, Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон тўра Ибрат ёдгорлик мажмуаси, икки минг йиллик тарихдан сўзловчи Ахсикент археологик парки, Наманган шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи бўйлаб саёҳат устоз-муаллимларда илиқ таассурот қолдирди.

Турнирнинг тантанали очилиш маросимида республика Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Фарҳод Боқиев, Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботирхон Нуриддинов хотин-қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ўқитувчиларнинг таътил вақтини мароқли ўтказишга хизмат қилувчи “Вазир кубоги” шунчаки мусобақа эмас, балки устозларни бир жойга жамлаш, улар ўртасида дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашда аҳамияти беқиёслигини таъкидлади.

Қайд этилганидек, шу йилнинг апрель ойларида уюштирилган мусобақанинг шаҳар, туман босқичларида 14 минг 52 таълим муассасасидан жами 110 минг 452 аёл-ходим иштирок этди. Май ойида бўлган ҳудудий босқичларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва пойтахтимиздан 1 минг 664 нафар иштирокчи беллашди. Улар орасидан сараланган 112 нафар ҳаваскор волейболчи педагог ўз мактабининг 14 та жамоаси таркибида ҳудуди шарафини ҳимоя қилмоқда. Мусобақани адолатли ва холис бўлишини Спорт вазирлиги масъул ходими, халқаро тоифадаги ҳакам Наргиза Усмонова бошчилигидаги саккиз нафар ҳакам кузатиб бормоқда.


Олимпия тизими қоидалари асосида ўтаётган мусобақада иштирокчилар “А” ва “Б” гуруҳларига қуръа асосида бўлинган ҳолда баҳслашмоқда. Даставвал, Хоразм вилоятининг Шовот туманидаги 19-сонли умумтаълим мактаби ҳамда Бухоро вилоятининг Когон туманидаги 3-сонли умумтаълим мактаби жамоалари мусобақани бошлаб берди. Беллашувда юксак маҳорат кўрсатган хоразмлик муаллимлар икки партияда ҳам зафар қучди.

Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманидаги 16-сонли умумтаълим мактаби жамоаси Тошкент вилоятининг Паркент туманидаги 58-мактаб жамоасига қарши майдонга тушди. Ушбу беллашувда 34 йиллик иш тажрибасига эга Илҳомжон Турдиев мураббийлигидаги янгиқўрғонлик волейболчи аёлларнинг қўли баланд келди. Ҳисоб 2:0.
Таъкидлаш жоизки, “Вазир кубоги”нинг республика босқичида шоҳсупага кўтариладиган жамоалар пул мукофотлари ҳамда ғолибликни қўлга киритган жамоа “Дамас” автомашинаси билан тақдирланади.
Мусобақа қизғин ва муросасиз баҳслар остида давом этмоқда.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири