Ватанга муносиб ўғлонларни тарбиялаш – устувор мақсадимиз
Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ўсиб келаётган ёш авлодни маънавий-ахлоқий ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, эртамиз эгаларини мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитиш ва ҳарбий хизматга тайёрлаш фуқароларни оммавий техник касбларга сифатли тайёрлаб, спортнинг техник-амалий турларини янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Президентимизнинг 2018 йил 12 декабрдаги “Ёшларни ватанпарварлик руҳида ва жисмоний тарбиялаш ҳамда чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори “Ватанпарвар” тизими фаолияти ривожида дастуриламал бўлмоқда.
Хўш, ушбу ташкилот фаолияти самарадорлиги қандай? Эришилган ютуқлар ва келгусидаги режалар хусусида “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши раиси Аҳмаджон Аълохўжаев билан суҳбат суҳбатлашдик.

– Аҳмаджон Мусохонович, ташкилотингиз тузилганига бу йил 35 йил тўлади. Шундан келиб чиққан ҳолда, айтингчи, "Ватанпарвар" кеча қандай эди-ю, бугун қандай ўзгарди?
– Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ташкилотимизнинг асосий мақсади Ватанимиз хавфсизлигини, унинг қуролли кучлари, мудофаа қудратини мустаҳкамлашга кўмаклашиш, кенг халқ оммаси, хусусан ёшларни меҳнат ва Ватанни ҳимоя қилишга тайёрлашдир.
Шу маънода, бугунги «Ватанпарвар» бундан 10-15 йил аввалги ташкилотдан тубдан фарқ қилади. Илгари кўпчилик бизни фақат ҳайдовчилик гувоҳномаси берадиган ташкилот сифатида танир эди. Сўнгги йилларда мамлакатимиз раҳбарининг соҳага қаратаётган эътибори туфайли фаолиятимиз бутунлай янги босқичга кўтарилди.
Бугун биз ташкилот фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида: фуқаролар, шу жумладан ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук қилиб ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг онгига Ватанга муҳаббат, меҳнатга масъулиятли муносабат, ҳарбий хизматга ҳурмат туйғуларини сингдириш; техник ва амалий спорт турларини ривожлантириш ва оммалаштиришни таъминлаш, спорт ташкилотлари ва жамоалари фаолиятига кўмаклашиш; болалар, ўсмирлар ва чақирувгача бўлган ёшлар ўртасида оммавий спорт ишларини ташкил этиш ва ўтказиш; ёшлар ва фуқароларни мудофаа соҳасидаги бошланғич билимларга ўқитишда ҳамда уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда давлат ҳокимияти идораларига кўмаклашиш; автомототранспорт воситалари ҳайдовчилари, техник ҳамда бошқа касблар мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш борасида халқаро, маҳаллий ва хорижий ташкилот, корхоналар билан фаол ҳамкорликда тизимли иш олиб боряпмиз.
[gallery-32621]
– Наманганда ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва уларни ҳарбийга тайёрлаш борасида қандай янги ёндашувлар қўлланилмоқда? Йигит-қизларни ташкилот тадбирлари ва лойиҳаларига жалб қилишда нималарга эътибор бериляпти?
– Ёшлар билан ишлашда очиқ мулоқот ва ҳамкорлик ёш авлод вакилларининг муаммоларини ўрганиш, таклифларини тинглаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Раҳбар ва ёшлар” учрашувлари мунтазам уюштириб келинмоқда. Учқўрғон, Наманган шаҳри, Тўрақўрғон Косонсой ва Тўрақўрғон туманларида ўтказилган мулоқотларда таълим олиш, касб эгаллаш, иш билан таъминланиш, спорт билан шуғулланиш ҳамда бўш вақтни мазмунли ташкиллаш масалалари муҳокама қилинди. Ушбу учрашувларда 6500 дан зиёд ёшлар қамраб олинди.
“Уч авлод учрашуви” тадбирлари орқали ёшлар ҳарбий хизматчилар, меҳнат ва ҳарбий хизмат фахрийлари билан мулоқот қилиш, уларнинг ҳаётий тажрибасидан сабоқ олиш имкониятига эга бўлди. Жорий йил давомида бу йўналишда 36 та тадбир ўтказилиб, уларга жами 5120 нафар ёш жалб этилди. Эртамиз эгаларининг касбий салоҳиятини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш ташкилот фаолиятининг муҳим йўналишларидан биридир. Айни шу мақсадда таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар, маҳаллалар ҳамда ёшлар марказлари билан ҳамкорликда очиқ мулоқотлар, тарғибот тадбирлари ва касбга йўналтириш ишлари олиб борилмоқда.
“Ватанпарвар” ташкилоти – менинг танловим!” ва “Ватанпарварлик – олий мақсадим!” шиорлари остида шу йилнинг ўтган даврида 24 та “Очиқ эшиклар куни” тадбири ўтказилиб, уларда 2100 га яқин ёшлар иштирок этди. Тадбирларда ташкилотимизнинг ўқув курслари, спорт секциялари, техник имкониятлари ва ҳайдовчиларни тайёрлаш йўналишлари билан таништирилди.
Наманган давлат техника университети билан йўлга қўйилган ҳамкорлик эса дуал таълимни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Транспорт ва логистика факультетининг транспорт муҳандислиги кафедраси, транспорт воситалари муҳандислиги таълим йўналиши талабалари “Ватанпарвар” ташкилотининг ўқув хоналари, устахонаси, лаборатория базаси ва автодромида амалий машғулотлар ўтказиш имкониятига эга бўлди.
Олий таълим муассаси билан ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида транспорт воситалари муҳандислиги таълим йўналишининг 10 нафардан ортиқ битирувчиси ишга қабул қилинди. Шунингдек, жорий йилнинг яна 6 нафар битирувчининг бандлиги таъминланди. Ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга йўналтириш мақсадида ҳайдовчилик курсларига жалб қилиш ишлари ҳам давом эттирилмоқда.
Маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар, мактаб ўқувчилари билан ҳарбий қисмларга экскурсиялар, «Шунқорлар», «Ёш чегарачилар» мусобақаларини мунтазам ўтказяпмиз. Энг муҳими, «Темир дафтар» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган йигит-қизларни спорт секцияларимизга бепул жалб қилиб, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашяпмиз.

– «Ватанпарвар» тизимидаги спорт тўгараклари, яъни спортнинг техник-амалий турларига ёшларнинг қизиқишлари қай даражада? Спортчиларнинг сўнгги йиллардаги республика ва халқаро ареналардаги ютуқлари ҳақида тўхталсангиз.
– Бизни қувонтиргани, фаолиятимиз ўсиб келаётган эртамиз эгаларига маъқул бўляпти. Демак, “Ватанпарвар”га қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. Айни пайтда вилоят кенгаши тасарруфидаги ўқув спорт техника марказларида картинг, автокросс, мотокросс, пневматик қуролдан ўқ отиш-пара ўқ отиш, авиамодель, ракетамодель ҳамда ёзги биатлон каби спорт турлари бўйича ўнлаб секциялар фаолият юритмоқда. Наманганлик спортчилар нафақат Ўзбекистон чемпионатларида, балки Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари, Осиё ва жаҳон миқёсдаги мусобақаларда ҳам совринли ўринларни қўлга киритиб келмоқда. Айниқса, ўқ отиш, ёзги биатлон ва ракетамодел бўйича шуғулланаётган ёшларимиз Ўзбекистон терма жамоасининг асосий ўзагини ташкил этади.
2016-2026 йилларда ташкилотимиз томонидан 412 та клуб, 648 та туман ва 108 та вилоят мусобақалари ҳамда 40 та республика миқёсида спортнинг ўқ отиш, ёзги биатлон, картинг, мотокросс, ҳарбий амалий кўпкураш, ракетамодель ва авиамодель турлари бўйича беллашувлар ўтказилди. Бунда 40 минг 740 нафар спортчининг иштироки таъминланди.
Эътиборлиси шундаки, ташкилотимиз тарбияланувчиларидан жорий йилда Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри мехбонлик қилган ўқ отиш спорт тури бўйича Осиё чемпионатида Муҳаммад Камолов иккита олтин, битта кумуш медални қўлга киритди. Содиқжон Абдуллаев ушбу турнирда битта кумуш, Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида ўтган ўқ отиш бўйича халқаро турнирда иккита кумуш, Миср Араб Республикасининг Қоҳира шаҳрида бўлган йирик мусобақада кумуш медалга сазовор бўлди.
Шунингдек, Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида ўқ отиш спорти бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камоловлар тарихий натижа қайд этиб, бронза медалига сазовор бўлдилар.
Эътиборлиси, мазкур бронза медаль Ўзбекистон мерганлари учун жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк соврин ҳисобланади. Ушбу тарихий муваффақиятга Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи «Ватанпарвар» ташкилоти Наманган вилояти кенгаши тарбияланувчилари — Содиқжон Абдуллаев ва Муҳаммад Камоловлар ҳам муносиб ҳисса қўшишди.
Эришилган натижаларимизнинг яна бир исботи сифатида ўтган давр давомида шогирдларимиздан олти нафари олий таълим муассасаларига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди.
10 йил давомида вилоятимиз спортчилари томонидан республика ва халқаро мусобақаларда 71 та олтин, 112 та кумуш ва 134 та бронза медаль қўлга киритилгани эътирофга сазовор.

– Техник ва амалий спорт турларини янада оммалаштириш ва туманларда ҳам ривожлантириш учун моддий-техник база етарлими?
– Албатта, техник спорт турлари катта маблағ ва замонавий инвентарларни талаб этади. Бу борада тизимли ишлар олиб борилмоқда. Вилоятимизнинг барча туманлари ва Наманган шаҳрида жами 14 та ўқув спорт техника маркази ишлаб турибди.
Дарвоқе, спортчиларимизга муносиб шароитларни ҳозирлаш, моддий техник базани янада мустаҳкамлаш мақсадида “Ватанпарвар” ташкилоти марказий кенгаши томонидан Наманган вилояти кенгаши учун ажратилган “Plisa”русумли, калибри 4.5 миллиметр бўлган ва машқ қуролнинг оғиз қисмидаги қуввати (дулная энергия) 7.5 жоулдан юқори бўлмаган пневматик спорт ўқ отиш қуроллари ва беш дона электрон нишон (мишен) олинди.
Яқинда Чуст, Косонсой ва Тўрақўрғон туманларида барча халқаро стандартларга жавоб берадиган янги ўқув автодромлари фойдаланишга топширилди. Шунингдек, ташкилотимизнинг 35 йиллиги муносабати билан ўқув муассасаларимиз автопарки янги «Onix», «Kia Sonet» русумли енгил ҳамда «Faw» ва «Foton» русумли замонавий юк автомобиллари билан тўлдирилди.

– Аҳоли, айниқса, ёшларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, масалан, ҳайдовчилик, техник хизмат кўрсатиш кабиларга ўқитиш бўйича нима ишлар қилинмоқда?
– Бугунги кунда марказларимизда нафақат «A», «B», «C», «D», «E» тоифали ҳайдовчилар, балки авточилангар, электрик-аккумуляторчи, газ-электр пайвандчи, вулканизаторчи, юк ортувчи ва автокран бошқарувчиси сингари ўнга яқин ишчи касблар бўйича мутахассислар тайёрланмоқда. Қувонарлиси, "Ватанпарвар" ташкилоти ва Миграция агентлиги ўртасидаги ҳамкорлик доирасида «BC» ва «CE» тоифаларига ўқитилган юртдошларимиз Германия ва Европанинг бошқа давлатларига юқори маошли ишларга юборилмоқда.
Шунингдек, яқин кунларда Ҳайдовчиларни халқаро малака талабларига мувофиқ тайёрлаш ва хорижий давлатларда ишга жойлаштириш бўйича масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Getwork” хусусий бандлик агентлиги ҳамда “Ватанпарвар” ташкилоти Наманган вилояти кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзолаш ва 2027 йил учун қўшма амалий чора-тадбирлар режаси ни ишлаб чиқиш ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур режа вилоятимиздаги номзодларни халқаро юк ташиш соҳаси талабларига мос тайёрлаш, Литва Республикасидан жалб этиладиган мутахассислар иштирокида “Cоdе 95” йўналишидаги ўқув машғулотларини ташкил этиш ҳамда келгуси йил якунига қадар 480 нафар фуқаронинг хорижда қонуний ишга жойлашишига эришишни мақсад қилади. Бу эса ёшларимиз учун катта имкониятдир.

– "Ватанпарвар" фаолияти давомида қанақа муаммоларга дуч келмоқдасиз ва уларни ҳал этишда чоралар кўриляптими? Соҳага татбиқ этилаётган замонавий технологиялар самаралари ҳамда ташкилотнинг келгусидаги устувор режалари ҳақида гапирсангиз?
– Бугунги кунда энг асосий масаламиз чекка қишлоқлардаги ёшларни техник спорт секцияларига янада кенгроқ қамраб олиш ва айрим туманлардаги ўқув биноларини тўлиқ модернизация қилиш.
Шуни қайд этиш лозимки, ҳозирда ташкилотимиз тасарруфидаги ўқув-спорт техника марказларида ўқув жараёнлари тўлиқ рақамлаштирилган. Назарий дарслар интерактив электрон дастурлар ёрдамида, шунингдек, автомобилни амалий бошқариш машғулотлари эса Поп, Чуст, Тўрақурғон, Косонсой ва Уйчи туманлари ўқув спорт техника марказлари негизида янги қуриб битказилган замонавий автодромларда ўтказилмоқда.
Яна бир жиҳат, нафақат спортда, ҳайдовчилик соҳасида ҳам ногиронлиги бор фуқаролар учун ўқув ташкилотларимизда барча шароитлар яратилиб келинмоқда. Яқинда Уйчи тумани ўқув-спорт техника марказида ногиронлиги бор фуқаролар ўқув гуруҳида назарий ва амалий машғулотларни ўзлаштириб, имтиҳонларни муваффақиятли топширди ва ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлишди.
Келгусидаги устувор режамиз Наманганни барча йўналишлар бўйича республикада етакчи ўринга олиб чиқиш ва ҳар бир шаҳар, туманда ёшлар учун замонавий техник ижодиёт марказларини ташкил этишдир.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (суратлар), ЎзА мухбирлари