Хотин-қизларнинг рақамли соҳадаги имкониятлари муҳокама қилинди
Рақамли технологиялар вазирлигида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан тегишли вазирлик ва идоралар, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2026 йил 20 августдаги топшириғига мувофиқ ташкил этилаётган очиқ мулоқотларнинг навбатдагиси хотин-қизларнинг рақамли соҳадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, касбий ривожланишига тўсқинлик қилаётган масалаларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг таклиф ва ташаббусларини масъул идоралар билан биргаликда кўриб чиқишга бағишланди.
Бугун ахборот технологиялари ва сунъий интеллект меҳнат бозори, таълим ҳамда иқтисодиётнинг турли тармоқларида янги имкониятларни яратмоқда. Хотин-қизларнинг ушбу жараёнларда фаол иштирок этиши замонавий касбларни эгаллаши, интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариши ва даромад манбаларини кенгайтириши учун муҳим аҳамиятга эга.
Бунинг учун нафақат билим олиш, балки уни амалиётда қўллаш, тажриба орттириш ва шахсий ташаббусларни ривожлантириш жараёнида учраётган муаммоларни ҳам бевосита соҳа вакилларидан эшитиш зарур. Мазкур очиқ мулоқот айнан шу мақсадга хизмат қилди.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойи якунларига кўра, 218,7 минг нафар хотин-қиз ахборот технологиялари соҳасида ўқитилди. «Беш миллион сунъий интеллект етакчилари» лойиҳаси доирасида эса 1 миллион 116 минг нафардан ортиқ хотин-қиз IT таълимига жалб этилди. Бу кўрсаткичлар мамлакатимизда хотин-қизларнинг рақамли билим ва кўникмаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар кўламини яққол намоён этади.
Айни пайтда мамлакатимизда ахборот технологиялари соҳасида банд бўлган хотин-қизлар сони 38 минг нафарни ташкил этмоқда. Олий таълим муассасаларининг IT йўналишларида таҳсил олаётган хотин-қизлар сони эса 40 минг нафардан ошган. Шунингдек, 500 дан ортиқ IT ўқув марказида 35 минг нафар хотин-қиз таълим олмоқда. Уларнинг 21 минг нафари иш билан таъминланган. «GAP» аёллар IT клуби ташаббуслари орқали эса 6 мингдан зиёд хотин-қиз қамраб олиниб, уларнинг касбий ривожланиши ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтиришга кўмаклашилмоқда.
Учрашув давомида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган хотин-қизларнинг касбий ривожланиш имкониятлари, кундалик иш жараёнида дуч келаётган қийинчиликлари ҳамда мавжуд шароитларни яхшилашга доир фикр-мулоҳазалари атрофлича муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган масалалар, мурожаатлар, таклиф ва ташаббусларини тегишли ташкилотлар вакилларига бевосита етказиш имконига эга бўлдилар.
Мулоқотда ҳудудлардан келган хотин-қизларнинг фикр ва таклифларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг иштироки жойлардаги эҳтиёж ва имкониятларни бевосита ўрганиш, ҳудудий шароит билан боғлиқ масалаларни умумий муҳокамага олиб чиқиш имконини берди. Бу эса хотин-қизларни рақамли соҳага кенгроқ жалб этиш ва уларнинг касбий фаолиятини қўллаб-қувватлашда ҳудудлар эҳтиёжини инобатга олиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этди.
Учрашувнинг муҳим жиҳатларидан бири шунда бўлдики, кўтарилган масалалар ва билдирилган таклифлар нафақат Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, балки уларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш ваколатига эга бўлган вазирлик, идора ҳамда ташкилотлар вакиллари иштирокида муҳокама қилинди. Бундай ёндашув ҳар бир масаланинг моҳиятини чуқурроқ англаш, масъул мутахассислар фикрини эшитиш ва имконият даражасида жойида амалий ечим топишга хизмат қилди.
Қўшимча ўрганиш ва идоралараро ҳамкорликни талаб этадиган мурожаатлар бўйича эса уларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини биргаликда кўриб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.
[gallery-32634]
Умуман олганда, очиқ мулоқот хотин-қизларнинг рақамли соҳадаги иштирокини кенгайтириш масаласини уларнинг амалий тажрибаси, эҳтиёжлари ва ташаббуслари билан узвий боғлиқ ҳолда муҳокама қилиш учун муҳим мулоқот майдони бўлди.
Унда асосий эътибор хотин-қизларнинг билим ва салоҳиятини аниқ касбий имкониятларга айлантириш, истиқболли ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, шунингдек, бу жараёнда масъул ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилди.
Рақамли технологиялар вазирлигида Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан тегишли вазирлик ва идоралар, масъул ташкилотлар вакиллари ҳамда соҳа мутахассислари иштирокида ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишида фаолият юритаётган хотин-қизлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.
Назокат Усмонова
Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА