Марказий Осиё меҳмонхона бозори иштирокчилари Тошкентда жамланади
2026 йил 24 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги Hyatt Regency Tashkent меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида меҳмонхона бозори иштирокчилари учун иккинчи халқаро форум — HotelPro HUB Central Asia 2026 бўлиб ўтади.
Форумда инвесторлар ва девелоперлар, меҳмонхона эгалари ва бошқарувчилари, меҳмонхона операторлари, технологик компаниялар, ечимлар етказиб берувчилар, маслаҳатчилар ҳамда давлат идоралари вакиллари иштирок этади.
Форумнинг асосий эътибори меҳмонхона лойиҳаларининг иқтисодий самарадорлигига қаратилади. Хусусан, инвестициялар, девелопмент, бошқарув, технологиялар, тижорий самарадорлик, меҳмонхона активлари қиймати ва туристик ҳудудларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.

Бугунги кунда Марказий Осиё меҳмонхона инфратузилмасининг жадал ривожланиш даврини бошдан кечирмоқда. Янги лойиҳалар ва халқаро брендлар пайдо бўлмоқда, транспорт имкониятлари кенгаймоқда, инвесторларнинг қизиқиши ортиб бормоқда. Бозор билан бирга меҳмонхона объектларига қўйилаётган талаблар ҳам ўзгармоқда. Энди меҳмонхона қуришнинг ўзи етарли эмас. Унинг қайси талаб асосида фаолият юритиши, даромадлилигини қандай бошқариш ва бир неча йилдан кейин актив қийматига қайси омиллар таъсир кўрсатишини олдиндан англаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
HotelPro HUB Central Asia 2026 форуми айнан шу масалаларни муҳокама қилишга қаратилган.
Биринчи HotelPro HUB форуми 2025 йил 29 октябрь куни Тошкент шаҳрида ўтказилган бўлиб, унда 100 дан ортиқ меҳмонхона вакили қатнашган. Тадбир доирасида 675 та B2B учрашуви ҳам ўтказилган эди.

2026 йилда лойиҳа HotelPro HUB Central Asia бренди остида минтақавий миқёсга чиқмоқда. Бу йилги форумда 500 нафардан ортиқ делегат ва 40 дан зиёд компания иштирок этиши кутилмоқда. Бир кун давомидаги B2B учрашувлар сонини эса қарийб 1 мингтага етказиш режалаштирилган.
Форумнинг ишбилармонлик дастури меҳмонхона активининг ҳаётийлик циклига асосланган. Унда давлат ва инвестор ҳамкорлиги, туристик ҳудудларни ривожлантириш, бошқарув моделини танлаш, технологиялар, капитал жалб қилиш, лойиҳалаштириш, меҳмонхона кўчмас мулки ва активларни сотиш масалалари қамраб олинади.
Асосий мавзулар қаторида меҳмонхона инвестицияларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, Марказий Осиёда туризмни давлатлараро ривожлантириш, халқаро бренд иқтисодиёти, сунъий интеллект ва автоматлаштириш, Форс кўрфази мамлакатлари капитали, меҳмонхона резиденциялари, меҳмонхона активларининг қиймати ва ликвидлиги каби масалалар ўрин олган.

HotelPro HUB доирасида тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади. B2B музокаралар асосий дастур билан бир вақтда кун давомида ўтказилади. Шунингдек, профессионал нетворкинг, стартаплар тақдимоти (Startup Showcase) ва меҳмонхона бизнеси учун ечимлар кўргазмаси ташкил этилади.
Форумнинг ишбилармонлик дастурига Cronwell Group бошқаруви раиси Дмитрий Колесников, Cronwell Hospitality Group бошқарувчи ҳамкори, Россия туризм индустрияси иттифоқи ва Россия меҳмонхоналар ассоциацияси вице-президенти Алексей Мусакин ҳамда Kazakh Tourism компаниясининг собиқ раиси Қайрат Садвакасов модераторлик қилади.



ЎзА